Ватанпарварлик – юртга садоқат

Олтиариқ туманидаги 15-, 38-умумтаълим мактаблари ўқувчилари, Фарғона шаҳридаги 24-мактабгача таълим муассаси тарбияланувчилари Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирига ташриф буюрдилар.

Ўқувчи ёшлар, жажжи ўғил-қизлар ҳарбий қисмда аскарлар яшаш тарзи, улар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ҳарбий қурол-яроқ ва жанговар техника намуналари, уларнинг вазифалари, тиббий хизмат кўрсатиш чоралари хусусида ёшларга кенг тушунчалар берилди. Мамлакатимизнинг мудофаа қудратини юксалтириш йўлида қабул қилинган қонун ҳужжатларини пухта ўрганиб бориш, Ватан хизматига камарбаста бўлиш юртнинг ҳар бир фарзанди учун муқаддас бурч эканлиги таъкидланди. Боғча тарбияланувчилари ҳарбийларга бағишланган шеърий изҳорларини ўқиб эшиттирдилар.

Шарқий ҳарбий округга қарашли ушбу ҳарбий қисмда бўлиб ўтаётган кўргазма ва намойишларда вилоятимизнинг бошқа шаҳар-туманларидаги ёшлар ҳам иштирок этмоқда.