Юракда ифтихор уйғотган байрам

Бу қутлуғ сана мамлакатимизда ватанпарварлик, она-юртга садоқат, мардлик ва жасурлик каби эзгу қадриятларни, халқимизга, буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларига хос бўлган юксак фуқаролик фазилатларини ўзида мужассам этадиган том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида ушбу санага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда сенатор ва депутатлар, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва унга қарашли ҳарбий қисмлар, вилоят ички ишлар идоралари, прокуратура органлари, давлат хавфсизлик хизмати, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона, ташкилот, бўлим ва бошқармалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ҳарбий оркестр садолари остида Давлатимиз байроғи олиб кирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.

Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев барча ҳарбийларни байрам билан самимий табриклади.

– Ватанга хизмат ҳақиқий эр йигитнинг бурчидир. Муҳтарам Президентимизнинг байрам табригида қайд этиб ўтилганидек, биз ана шундай мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз, – деди вилоят раҳбари ўз нутқида. – Айнан сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан Ўзбекистон миллий армияси жадал ривожланмоқда, унинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги изчил ошиб бормоқда. Мамлакатимизнинг мудофаа қудрати, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти мустаҳкамланмоқда. Вилоятимизда ҳам ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини самарали юритишда барча имкониятлар ишга солинмоқда. Ўтган даврда ҳарбийларимиз учун вилоятда 180 хонадондан иборат 6 та кўп қаватли уйларнинг фойдаланишга топширилгани диққатга сазовордир. Бу каби ислоҳотлар кўлами 2019 йилда янада кенгаяди.

Байрам арафасида Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Президентимиз Фармони қабул қилингани соҳа вакилларига кўрсатилган юксак ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлди.

Давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, ­миллий хавфсизликни ва давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ­ишига қўшаётган катта ҳиссаси, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик, ­барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида ­мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланганлар сафида фарғоналикларнинг ҳам борлиги янада қувонарлидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиси Луқмонжон Турдиев “Мардлик” ордени билан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси Дилшод Асанов (марҳум), Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳудудий база бошлиқ ўринбосари Шаҳриёр Қўчқаров, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм командири Анвар Сатторов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси Хайриддин Холбоев (марҳум), Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм гуруҳ командири Хусанбой Худойбергановлар “Жасорат” медали билан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм гуруҳ мутахассиси Алишер Куватов “Содиқ хизматлари учун” медали билан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм секция мутахассиси Бобир Аллаев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Тантанали тадбирда уларга давлат мукофотлари – орден ва медалларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Павел Эргашев ҳамда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тантанали равишда топширди.

– Бу галги байрам мен учун унутилмас бўлиб қолади. Фаолиятим муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан юксак давлат мукофотига лойиқ топилгани зиммамдаги масъулиятни янада оширди, – дейди «Жасорат» медали соҳиби Анвар Сатторов . – 19 йиллик фаолиятим давомида биз ҳарбийларга яратилаётган шарт-шароитларга гувоҳ бўлиб турибман. Бу мукофот барча ҳамкасбларимга, ҳаво десантчилари бригадасида хизмат олиб бораётган сафдошларимга билдирилган ишонч деб биламан.

Тадбирда Мудофаа вазирлигининг буйруғи билан бир гуруҳ соҳа вакилларига ҳарбий унвонлар, кўкрак нишонлари топширилди. Вазирлик миқёсида ўтказилган турли кўрик-танлов ғолиблари тақдирланди.

– Президентимиз табригини тинглаб, мудофаамиз қудрати йилдан йилга юксалаётганини, ҳарбийларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини яна бир карра ҳис этдим, – дейди тақдирланган юртдошларимиздан яна бири, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси Шаҳриёр Қўчқоров. – Юртбошимиз фармони билан «Жасорат» медалига муносиб топилдим. Бу эътирофга муносиб бўлишга астойдил интиламиз. Юртимиз тинчлигини, халқимиз осойишталигини асрашга янада ғайрат билан ёндошамиз.

Тадбирда санъат усталари, турли ансамбллар, таниқли хонандалар томонидан ҳарбий-ватанпаварлик руҳидаги қўшиқлар янгради. Дилтортар тароналар барчани рақсга чорлади.

Қутлуғ байрам Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар мажмуасида  ташкил этилган тўкин дастурхон атрофида давом етди.