Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадда ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.

Шу билан бирга, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда секторлар деб юритилади) фаолияти мониторинги бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан:

биринчидан, секторлар фаолиятида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳамда сектор аъзолари фаолиятини мувофиқлаштиришда сектор раҳбарларининг зарур ташкилий ва молиявий ваколатларга эга эмаслиги секторларнинг тўлиқ фаолият юритишида ҳамда муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда қийинчиликлар туғдирмоқда;

иккинчидан, республика миқёсида секторлар ишини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги секторлар фаолияти бошқарувида тарқоқликни юзага келтирмоқда ҳамда ҳудудларда секторлар фаолиятига оид қонун ҳужжатлари нормаларининг турлича талқин қилинишига олиб келмоқда;

учинчидан, секторларда ўрганишлар натижалари умумлаштирилмаётганлиги, статистик ҳисоботларни юритиш амалиёти ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилмаганлиги амалга оширилган ишларни аниқ сарҳисоб қилишга ва муаммоларни тизимлаштиришга имконият бермаяпти;

тўртинчидан, секторлар раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тартибининг мураккаблиги, тизимли равишда улар малакасини ошириш механизмининг жорий этилмаганлиги, сектор аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг йўлга қўйилмаганлиги улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини ошириш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар штаби таркибига киритиладиган идора ва ташкилотларнинг намунавий рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар штаби таркибига киритиладиган
идора ва ташкилотларнинг намунавий рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади)га (А.Н.Арипов) қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида секторларнинг “туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили асосида уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларида вертикал бошқарув тизимини жорий этиш;

ҳар чоракда камида бир маротаба Комиссия йиғилишида секторлар
фаолияти тўғрисидаги ахборотни таҳлил этиш, секторларда амалга оширилаётган ташкилий-амалий чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш, ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш ҳамда секторларнинг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш юзасидан таклифларни муҳокама қилиш;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш натижалари
бўйича республика даражасида ечиладиган муаммоларни ҳал этишга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

секторлар раҳбарларининг фаолиятини ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб холисона баҳолаш;

ҳар бир ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳудудий
ва республика “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, уларда назарда тутилган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгилаш;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича манзилли топшириқлар белгилаш ҳамда уларнинг ижроси устидан тизимли назоратни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот ва алоҳида ўрнак кўрсатган секторлар раҳбарлари, давлат органларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Комиссиянинг ишчи органини белгиласин.

3. 2019 йил 1 февралдан қуйидаги тартиб жорий этилсин:

юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш ва секторларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун секторлар штаби таркибига киритилган идора ва ташкилотларнинг ҳар бир сектор бўйича масъул ходимлари (кейинги ўринларда – сектор штаби аъзолари) сектор раҳбари билан келишилган ҳолда бириктирилади ва алмаштирилади;

секторлар штаби фаолиятини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида сектор раҳбари бошчилик қиладиган идора (ташкилот)дан сектор штаби котиби (кейинги ўринларда котиб деб юритилади) сифатида алоҳида ходим бириктирилади. Бунда котиб асосий иш жойидан ажралган ҳамда лавозим маоши сақлаб қолинган ҳолда фаолият кўрсатади;

котибга бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фондига ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳар ойда қўшимча равишда лавозим маошининг эллик фоизигача миқдорда устама ҳақ тўланади;

туманлар (шаҳарлар) секторлари раҳбарлари ҳар ҳафтада камида бир маротаба, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар секторлари раҳбарлари эса ҳар ойда камида икки маротаба жойларга чиққан ҳолда жисмоний шахслар билан уларнинг ижтимоий масалалари ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари билан тегишли фаолият соҳалари кесимида қабуллар ўтказади;

сектор ишида фаол қатнашган сектор штаби аъзолари ҳар чорак якунлари бўйича маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан рағбатлантирилади;

секторларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш учун сектор раҳбарларининг асослантирилган сўровларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар)нинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағлар мақсадли йўналтирилади.

Бунда сектор раҳбарларининг сўровлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида атрофлича муҳокама қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларига киритилмаган, тегишли ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга эътибор қаратилади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари доимий равишда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан секторлар фаолиятининг моддий-техника таъминотини яхшилаш, секторлар штаблари фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан, улар учун ажратилган биноларни сақлаш ва бошқа харажатларни қоплашни таъминласин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари зиммасига қўшимча равишда қуйидаги вазифалар юклатилсин:

секторлар фаолиятига оид маълумотларни жамлаш, улар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва юритиш;

секторлар фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашиш;

секторларда амалга оширилган ишларни тизимли таҳлил қилиш, йўл қўйилган камчиликлар, бажарилмаган тадбирларнинг сабабларини аниқлаш ҳамда “йўл хариталари”ни шакллантириш;

секторларда аниқланган муаммолар ва уларни ҳал этиш натижалари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига ахборотларни тайёрлаш.

6. 2019 йилнинг 1 апрелидан қуйидагиларни қамраб олувчи республика бўйича ягона электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда – республика ахборот тизими) жорий этилсин:

уйма-уй юриш, ўтказилган суҳбатлар, келиб тушган мурожаатлар натижасида аниқланган муаммолар ва уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ижтимоий соҳа ва бошқа объектлардаги мавжуд ҳолатларни ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ҳамда уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

секторлар фаолияти юзасидан электрон статистик ҳисобот шакллари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича “йўл хариталари” ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда республика ахборот тизимини ишлаб чиқишни ҳамда “Hudud” ахборот тизимига алоҳида модуль сифатида интеграция қилишни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар чорак якунлари бўйича республика ахборот тизимига киритилган ҳал этилмаган муаммо ва таклифларни умумлаштириб, таҳлил қилиб ҳамда молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларига киритиш тўғрисида асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти республика ахборот тизими юритилиши устидан тизимли назоратни амалга оширсин ва республика ахборот тизимига киритилган ҳал этилмаган муаммо ва таклифларни давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларига киритиш чораларини кўриб борсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) секторлар раҳбарлари республика ахборот тизимига маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ киритиб борилиши учун шахсан масъул этиб белгилансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ажратиладиган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизимини танқидий кўриб чиқиб, сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этсин;

йил якунларига кўра фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган секторларни рағбатлантириш мақсадида “Энг намунали сектор”, “Энг ташаббускор сектор раҳбари”, “Энг фаол сектор штаби аъзоси” номинациялари бўйича республика танловини ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Бунда шундай тартиб ўрнатилсинки, ҳар йилнинг 15 январига қадар Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир тизим бўйича:

сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизимига мувофиқ, уларнинг ўтган йилда амалга оширган ишлари таҳлил этилиб, умумий йиғилишда муҳокама қилинади;

баҳолаш натижасига кўра, энг юқори кўрсаткичга эришган 2 нафар сектор раҳбари автотранспорт воситаси билан тақдирланади, секторлар фаолиятини намунали ташкил этган раҳбарлар ва унинг ишида фаол қатнашган бошқа штаб аъзолари қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади;

фаолияти самарасиз деб баҳоланган сектор раҳбарларига нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазо чоралари қўлланилади.

13. Белгилансинки, автотранспорт воситалари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш харажатлари тегишлича Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси раҳбар кадрлар захирасига олинган ходимлар учун малака ошириш курсларининг таълим дастурларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ўқув соатлари ажратилишини таъминласин.

15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари икки ҳафта муддатда секторлар штаби таркибини Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар штабига киритиладиган идора ва ташкилотларнинг намунавий рўйхатига мувофиқ қайта тасдиқласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон қарори билан тасдиқланган Туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларнинг ишларини ташкил этиш тўғрисидаги низомга 3-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси У.С.Исмоилов зиммасига юклансин.

 

       Ўзбекистон Республикаси 

                       Президенти                                                        Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри,

2019 йил 8 январь