Мурожаатномани халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Муҳтарам Президентимиз 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасини баён этишга киришар экан, бугун биз шиддат билан ўзгариб бораётган замонда яшаётганлигимизни, дунё миқёсида манфаатлар кураши, рақобат тобора авж олиб, халқаро вазият кескинлашиб бораётганлигини, келгуси йил учун амалий режалар тузишимизда,.халқаро майдондаги ана шундай мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, тараққиётимизнинг устувор йўналишларини аниқ-равшан белгилаб олишимиз зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Юртбошимиз ўтган йил якунларига тўхталар экан, Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилгани, саноат, қишлоқ хўжалиги, капитал қурилиш, транспорт-коммуникация, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларида салмоқли ютуқлар қўлга киритилганлигини қайд этди.

Юртбошимиз мурожаатномада ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратди

Аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида жорий йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори ўтган йилларга нисбатан сезиларли равишда оширилганлиги, ҳусусан, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи марта 50 фоизгача кўпайтирилганлиги, кўрилган чора-тадбирлар туфайли аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошганлигини қайд этди.

Президентимиз томонидан барча халқимиз эътиборини қаратиб таъкидлашича, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 минг 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалари амалга оширилди.

Бу йилдан бошлаб солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилди. Бу ўтган йилга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан эса – 32 баробар кўпдир.

Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари халқимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Жорий йилда бу борадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 416 та қишлоқ янгича қиёфага эга бўлди.

Мурожаатномада қайд этилишича, янги йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш дастурларидан босқичма-босқич шаҳар ва посёлкаларда кўп қаватли уйлар қуришга ўтишимиз лозим. Муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳам уй-жойларни қуриш дастурлари билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланиши даркор, деб таъкидлади Президентимиз.

Шунингдек, Мурожаатномада соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш, муаммоларни ҳал этишга урғу берилди. Айниқса, бутун дунёни ташвишга солаётган онкологик касалликларнинг ривожланиб бораётганини ҳисобга олиб, айни йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг хорижда малакасини ошириш, шу йўналишда аҳолига хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлар билан таъминлашга эътибор қаратилди.

Шунингдек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласидаги ишлар ҳам таҳлил қилинди. Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозимлигини қайд этди. Бу борада якунига етган йилда кўрилган қатор амалий чораларга қарамасдан, 13 мингдан зиёд аёлнинг ижтимоий аҳволи мураккаб, эътиборга муҳтожлигини айтиш жоиз. Уларнинг бандлиги ҳали-ҳануз таъминланмаган. Бу борада ана шундай аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш белгилаб берилди.

Шунингдек, ҳалқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини оширишимиз зарурлиги, энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, солиқ ва бошқа тўловларнинг энг кам иш ҳақи миқдори билан боғлиқ бўлишига барҳам бериш кераклиги таъкидланди.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу масалани ҳал этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиши лозимлиги айтилди..

Давлатимиз раҳбари айтганидек: “Иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий ҳимоя бир-биридан ажралмас тушунчалар бўлиб, уларни айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди.”

Пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги қайд этилди

Хабарингиз бор, дея давом этди Юртбошимиз, яқинда ушбу масала бўйича Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб, ишлайдиган барча пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланди.

Шунингдек, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.

Ислоҳотларнинг кейинги босқичида ушбу чекловлар ҳам бутунлай бекор қилинишини қайд этар экан, айни вақтда ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оила аъзоларини, боқувчисини йўқотганларни ўн олти ёшгача ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи доимо эътиборимиз марказида туриши кераклиги, умрини ногирон фарзандига қараш, уни парвариш қилишга бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа турини жорий этилишини айтиб ўтди.

Инсон капиталига эътиборни кучайтириш, илм-фан соҳасига алоҳида ғамхўрлик, ёшларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича вазифалар белгилаб берилди

Президентимиз эътиборимизни илм-фан соҳасига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилган давлатларда ривожланишнинг юқори суръатлари кузатилаётганига қаратди.

Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади.

Мурожаатномада қиёсий таҳлил келтирилиши билан бирга, мамлакатимизда умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш бўйича вазифалар ҳам кўрсатилди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 2019 йилда мамлакатимизда таълим сифатини баҳолашга доир халқаро изланишларни, ёшларнинг ижодкорлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш, хусусий мактаблар ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланишга кенг ўрин берилади, деди Президентимиз.

Президентимиз таълим соҳасидаги мутахассислар олдига болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини узлуксиз ошириш вазифасини қўйди. Бу, аввало, замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни давом эттириш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини бугунги 34 фоиздан 2019 йилда 44 фоизга етказишни таъминлаш бўйича вазифаларни берди..

Ҳар доим ҳар бир мамлакат учун етук кадрлар тайёрлашга муҳим вазифалардан бири сифатида қаралган. Шу боис, олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратиш, педагог кадрларга эътибор бериш, мутахассислар тайёрлашни кучайтиришимиз муҳим. Буни давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистонда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси ўтган даврда 9-10 фоиз эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли бу кўрсаткич 15 фоиздан ошди. Лекин дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади. Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда бу рақамни 20 фоизга етказиш, келгуси йилларда бу борадаги ишларни янада изчил амалга ошириш муҳим вазифадир.

Олий таълим муассасаларига, реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш тизими жорий этилиши, таълим бериш ва илмий фаолиятни амалга оширишда университет ва институтларимизнинг мустақиллигини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Биз таълим соҳасидаги мутахассислар олдида, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, таълим дастурлари ва ўқитиш услубларини халқаро стандартларга яқинлаштириш ҳам кун тартибидаги асосий вазифамиз бўлиб қолади. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимизни «Таълимга киритилган инвестиция – келажакка киритилган сармоядир!» тамойили асосида ташкил этамиз.

Энг муҳими барча кучимизни, билимимизни инсон капиталини ривожлантиришга сарфлашимиз керак. Чунки инсон капиталини кучайтиришга эътибор берсак, биз жаҳон аренасидан мустаҳкам ўрин эгаллаймиз.

Бандликни таъминлаш, одамларнинг даромадини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди

Ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадини ошириш ва уларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги бир қатор масалалар Президентимиз Мурожаатномасида ўз аксини топди.

Жумладан, фаол инвестицияларни жалб қилиш минглаб янги иш ўринларини ташкил қилишга ёрдам беради. Ижтимоий ривожлантириш масалалари, албатта, аҳоли бандлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, даромадлар ва турмуш даражаси ошишига олиб келади. Давлатимиз раҳбари 2019 йил учун бандликка кўмаклашиш бўйича янги давлат дастурини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бу борада касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш тизимли йўлга қўйилади.

Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади

Ҳаммамиз бир ҳақиқатни яхши тушунамиз, 2019 йил учун белгилаб олган режа ва дастурларимизни амалга ошириш, албатта осон бўлмайди деди Мурожаатнома якунида Юртбошимиз..

Биз бугун кўп миллатли халқимизга, барчамизнинг умидимиз ва суянчимиз бўлган ёшларимизга ишониб, маррани катта олмоқдамиз.

Азиз фарзандларимиз, набираларимиз бахтини, камолини ўйлаб, эл-юртимизнинг, халқимизнинг ёруғ келажагини кўзлаб, олдимизга улкан вазифалар қўймоқдамиз.

Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади.

Биз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга – янги, юксак марралар сари борамиз.

Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш – Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият, десак, тўғри бўлади.

Барчамизбуничуқуранглашимиз, қадригаетишимиззарур.

ЖонажонВатанимизолдидагифарзандликбурчинишарафбиланбажаришҳаммамизганасибэтсин!

Эзгу орзу-ниятларимизни, режаларимизни амалга оширишда Яратганнинг ўзи барчамизга мададкор бўлсин дея Мурожаатномага якун ясади муҳтарам Ютбошимиз.

Мурожаатномани тинглаб чуқур мулоҳаза юритган инсон уни барча ишларимиз учун дастуриламал эканлигига амин бўлади

Ҳақиқатан ҳам Мурожаатномани бошидан охиригача тинглаб, чуқур мулоҳаза юритгандан кейин, Мурожаатномада 2019 йилда ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган фаолиятимиз йўналишлари белгилаб берилганлигига, унда соҳалар кесимида бажарилиши керак бўлган устувор вазифаларнинг аниқ кўрсаткичлари акс этганлигига амин бўласан киши.

Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Президентимиз Мурожаатномасида кўтарилган масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг эртасини белгилаб берувчи ғоялардан иборат бўлди.

Ушбу Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишларимиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.