Аскар оналарини шарафлаймиз

Дарҳақиқат, эл-юрт тинчлиги, Ватан осойишталигини асраётган, ғайрат-шижоати, соғлом тафаккури билан ёшларга ўрнак бўлаётган аскар ўғлонларимизнинг оналарини ҳар қанча шарафласак, эъзозласак арзийди. Зотан, дилбанди қалбига Она-Ватанни асрашдек муқаддас бурч туйғусини жойлаган, унинг соғлом, баркамол вояга етиши учун бутун борлиғини бахшида этган аёл азиз ва мўътабардир.

Вилоятимизнинг 19 та шаҳар-туманларида истиқомат қилаётган 200 нафарга яқин аскар оналари Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида ҳарбий оркестр  мусиқаси садолари остида гуллар билан кутиб олиндилар.

Вилоят, шаҳар, туман хотин-қизлар қўмитаси раислари, маҳалла фуқаролар йиғини мутахассислари, фаоллари, аскар оналари, ҳарбийлар таклиф қилинган тантанали  тадбирни Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Шуҳрат Абдуллаев очиб, давлатимиз томонидан миллий армиямизга эътибор, ўқув-тактик машғулотлар,  жанговар ва касбий тайёргарлик сифати, аскарларнинг маънавияти, маърифати, тафаккури, инсоний фазилатлари ҳақида мамнуният билан сўзлади.

Вилоят рус драма театри актёрлари томонидан буви, ота ва аскар образи асосида кичик саҳнавий композиция, Олтиариқ тумани ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилафрўз Қосимова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини 14 январь – Ватан ҳимоячилар куни билан табрикладилар. Шоира Энахон Сиддиқова “Аскар онаси мактуби” номли шеърини ўқиб эшиттирди.

Тадбирга ташриф буюрган аскар оналарига шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан тайёрланган совғалар тақдим этилди. Олтиариқ туманидан ташриф буюрган Озодахон Каримова номи алоҳида тилга олинди. Унга ўғли оддий аскар Муҳаммаджон Абдураҳмоновга берилган  Фахрий ёрлиқ тантанали топширилди.

  • Ватан хизматига ярайдиган фарзандим борлигидан ҳамиша фахрланаман,- деди Озодахон.
  • Мен нафақат ҳарбийнинг онаси, балки учта аскар бувиси сифатида ушбу тадбирда қатнашяпман, – дейди Бешариқ тумани, Булоқбоши МФЙда истиқомат қилувчи Ҳажалой Камолова. – Уларнинг тинч Ватанда униб-ўсаётганидан қувонаман.

Бешариқнинг Қият, Оқтовуқ қишлоғидан Насиба Абдураҳмонова, Гулбаҳор Фармонова, Нозима Аҳмедовалар ҳам фарзандларини ҳарбий қисмларда хизмат бурчларини аъло даражада бажараётганликлари, аскар ўғилларига берилган фахрий ёрлиқлар, дипломларни ўзлари билан бирга олиб келганликларини фахр-ифтихор ила изҳор қилишди.

Тадбирга Фарғона ҳарбий горнизони ҳарбий оркестлар, хонандалар томонидан намойиш этилган  концерт дастури файз бағишлади.