Ўзбекистон-Хитой: минтақалар ҳамкорлиги

Вилоят ўлкашунослик музейида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  вилоят бўлими томонидан   “Ўзбекистон-Хитой: минтақалар ҳамкорлиги” мавзусида фотокўргазма очилди.

Кўргазма Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги  ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ифода этади.   2018 йилнинг ноябрь ойида  фотомухбир Муқимжон Қодиров  бир гуруҳ фарғоналик журналистлар  сафида  Хитойнинг  Пекин,  Нанкин, Лянь Юн  Ган  шаҳарлари ва Цзянсу провинциясида  бўлиб қайтди.  Сафар чоғида  олинган расмлар  кўплаб сайт ва газеталарда чоп этилди.  Бир ой фаолият юритиши белгиланган фотокўргазмага улардан намуналар қўйилган бўлиб, айниқса икки давлат журналистлари ўртасидаги ижодий муҳит акс этган лавҳаларни кўриш мумкин.

Кўргазма очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари  Файзулла Қосимов, Хитой халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси маслаҳатчиси  Ван Чжэньгуан,   «Мoderna ceramic industries Fergana» МЧЖ шаклидаги  Ўзбекистон-Хитой  қўшма корхонаси таъсисчиси Го Ли Хон   иштирок этди ва сўзга чиқди.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён  мамлакатимиз чин маънода  Ўзбекистоннинг  ишончли ҳамкорига айланди, – дейди Ван Чжэньгуан. – Икки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, барча жабҳаларда  кенг қамровли  муносабатлари ва дўстлик  алоқалари  ривожланмоқда. Бу ўринда Фарғона вилоятининг барча соҳаларда фаоллиги, ташаббускорлиги бизни қувонтиради.

Шунингдек, музейда вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  вилоят бўлими раиси М. Обидов олиб борди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳаларда жорий йил давомида амалга ошириладиган ислоҳотлар, янгиланишлар  қамраб олинган. Оммавий ахборот воситалари ходимлари  белгиланган вазифалардан келиб  чиқиб, иш режа ишлаб чиқиши, газета саҳифаларида ҳудудларда бўлаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари, иқтисодий юксалишлар, воқеалар ҳақида мунтазам  туркум мақолалар бериб бориши керак.

Адади оз газеталарнинг   моддий аҳаволини яхшилаш, бунда муассис билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар билдирилди. Бу ўринда ўқимишли  мақолалар орқали аҳолининг ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини юксалтириш, газетхонлар ишончини қозониш талаб этилади. Ижтимоий сайтларда берилаётган турли хабарларга ҳаққоний ва таҳлилий муносабатлар билдириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва олдини олишда  шаҳар-туман газеталари тезкорлик ва холислик билан фаолият кўрсатиши керак.

Вилоят ҳокимлиги ҳузурида ахборот мультимедиа маркази давлат унитар корхонаси  ташкил қилинди.  Ҳозирда марказда 8 нафар мутахассис фаолият юритаётгани таъкидланди. Медиа марказ  матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини мувофиқлаштириб,  мониторинг ишларини олиб боради. Кўрсатув ва мақолларни таҳлил қилиб,  фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Веб-сайтлар очиш, газетанинг электрон версиясини яратиш ва ривожлантиришга кўмаклашади.