Харбий хизматчиларга 180 та янги хонадон калити топширилди

Фарғона шаҳрининг Соҳибқирон Темур кўчасида 180 та харбий хизматчи оилалари учун 6 та кўпқаватли уйлар мажмуаси барпо этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартда “Ўзбекистон Республикаси  Мудофаа вазирлиги харбий хизматчилари учун уй-жой қуриш дастури тўғрисида”ги  қарори имзоланган эди. Мазкур шинам уй-жойларнинг  тантанали равишда топширилиши юртимизда олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг ифодаси бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ш.Ғаниев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Ҳар томонлама яхши тайёрланган,  етарли даражада таъминланган, қудратли Қуролли Кучларгина  хавфсизлик ва барқарорликнинг, чегарамиз дахлсизлиги, мамлакатимиз худудий яхлитлиги ва  тинч, осуда ҳаётимизнинг  мустаҳкам таянчи ва  ишончли кафолати бўла олади, – деди вилоят ҳокими – Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Бош қўмондонининг мардлар касбини танлаган инсонларга оталарча  ғамхўрлиги туфайли шахсий  уйига эга бўлаётган  харбийларимизга “Янги уйларингиз муборак бўлсин”, деймиз.

Ҳарбийлар номидан взвод командири, майор Шерзод Каримов  ва турмуш ўртоғи Лолахон Аҳмедовалар  берилаётган имконият ва имтиёзлардан мамнун бўлиб,  ўз минатдорчилигини билдирдилар.

Айни кунларда  Хоразм вилоятининг  Шовот туманидаги харбий қисмда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқдаман, –дейди фарғоналик Баҳодир  Исмоилов. – Турмуш ўртоғим  Барнохон ўқитувчи бўлиб ишлайди.  Кўп йиллардан буён уйимиз бўлиши  учун топган маблағимизни оиламиздан орттириб йиғар эдик. Буни қарангки, харбий хизматчилар қаторида менга ҳам  3 хонали уй берилди.   Шинам ва янги хонадонда яшаш насиб қилганидан  яқинларим, 2 нафар фарзандим билан жуда хурсандмиз.

Қувончлар қувончларга уланди. Тўлқинбой Мингқулов, Элёржон Жўраев,  Абдулҳамид Каримов,  Жасурбек Исломов,  Турғунбой Сиддиқов,  Шохиста Деҳқонова сингари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари бирин-кетин ўз хонадонларининг калитларига эга бўлдилар.

Турмуш ўртоғим Фозилжон Умаров Шарқий харбий округда 19 йил хизмат қилиб, нафақага чиққан, –дейди бағдодлик Махлиёхон Умарова. –  17 йил шаҳарда  ижарада яшаб  келдик. Фарзандларимиз ҳам шу ерда таҳсил олишади. Барча шароитлар муҳайё янги уй имтиёзли берилди. Юртбошимиздан миннатдормиз.

Тантана давомида санъаткорларнинг куй-наволари дилларни янада шукуҳга тўлдирди.

Тадбирда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Лутфулло Бузруков иштирок этди ва сўзга чиқди.