Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори ижросини таъминлаш мақсадида  ҳар бир туман ва шаҳарлардан  ўқув спорт техника клубларида янги тўгараклар очилмоқда. Ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича ходимларнинг масъулияти оширилди.

Ўзбекистон Мудофаасига  кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Риштон туман  ўқув  спорт техника клубида  парашют спорт тўгарагининг очилиш маросими ўтказилди.

Ушбу тўгаракда ёшлар учун барча шароитлар яратилган. Ёруғ ва иссиқ ўқув-синфхонаси парашют спорт турини ўзлаштириш бўйича кўргазмали ўқув қуроллари ва стендлар билан жиҳозланган ҳамда амалий машғулотларни ўташлари учун спорт майдончаси ташкил этилган. Унинг очилиш маросимида иштирок этганлар  яратилган шароитлардан унумли фойдаланиш, соҳага қизиққан ёшларнинг шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилганлигини таъкидлашди.

“Ватанпарвар” ташкилотлари тизимида “ВАтан-муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ташкилий жиҳатдан юксак савияда тадбирларни  ўтказиш мақсадида жойларда мусобақалар ташкил этилмоқда.  Масалан, ҳаволи милтиқдан ўқ отиш спорт тўгаракларида қатнашаётган ўғил-қизлар иштирокида вилоят кубоги мусобақаси ташкил этилди.  Кубок  беллашувлари  кўпчиликда  катта қизиқиш уйғотди. Ғолибларга “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари топширилди.

Катта масъулият ва уюшқоқлик билан ўтказилаётган “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан ёшлар спортнинг техник ва амалий турларига кенг жалб этилмоқда. Улар ўртасида ушбу спорт турларини тарғиб этиш ҳамда уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида амалий кўргазмалар ташкил этилди.  Ҳарбий хизматчилар парашютдан фойдаланиш юзасидан ёшларга тушунчалар бериб ўтдилар.

Бундай тадбирлар вилоятимиздаги туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган ўқув спорт техника клублари машғулотларида ҳам ташкил этиляпти. Уларда қатнашаётган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар, давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари катта таассурот олмоқдалар. Бир сўз билан айтганда, “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” тадбирларида ёшларни  Ватан мудофаасига тайёрлаш ишлари ҳар қачонгидан пухта ташкил этилмоқда.

М. ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи  “Ватанпарвар”

ташкилоти Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.