“Оммавий маданият” – маданиятсизлик тарғиботи

Халқимизда оила, никоҳ муқаддаслиги, ота-онага, катталарга ҳурмат-эҳтиром, кичикларга иззат, ҳар қандай вазиятларда шарму ҳаё чегарасида туриш каби тушунчалар миллий менталитетга асосланган.

Шу боис оилада ҳақиқий ўзбекона тарбия кўрган бола ҳеч қачон катталарга нисбатан ҳурматсизлик қилмайди, беҳаёлик, бетгачопарлик, ўзибилармонлик иллатларига йўл қўймайди.

Таассуфки, бугунги кунда интернет орқали ижтимоий тармоқларда авж олаётган “оммавий маданият” намойишлари йигит-қизларни юқоридаги иллатларга “ошно” қилиб қўймоқда. Энг ёмони “оммавий маданият” кўринишлари ёшларимиз орасида урфга айланиб улгурмоқда. Аслида бу хатар замирида менталитетимизга мутлақо зид, оилаларни таназзулга, парокандаликка бошлайдиган, меҳр-оқибатдан йироқлаштирадиган худбинлик, инсоннинг фаҳм-фаросатини ўтмаслаштирадиган маданиятсизлик ётади. Сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни “оммавий маданият” сари етаклаётганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Бу “маданият” тарафдорлари инсониятга тақдим этаётган маълумот ва ахборотларни турли кино, сериалларда, рекламаларда, савдо расталарида ҳам кўриш мумкин.

“Оммавий маданият” тарафдорлари биринчи навбатда сериаллар орқали тарғиб этишга ҳаракат қилмоқдалар. Кейинги пайтларда ёшлар, ҳатто мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган ўқувчилар орасида айрим чет эл сериаллардаги воқеаларни муҳокама қилаётганлар ҳам учраб турибди. Сериал қаҳрамонларининг тартибсиз турмуш тарзи, эркин муҳаббати, йигит ва қизнинг интим муносабатларидан ёшлар “андоза” олишмаяптими, деган хавотирга тушасан.

Кўпинча хизмат тақозоси билан никоҳланаётган ёшлар билан суҳбат ўтказишимга тўғри  келади. Афсуски айрим ёшларнинг оила қуришдан мақсадлари муайян бир моддий манфаатдорликдан иборат бўлиб қоляпти. Никоҳнинг асл моҳиятини чуқур англаб етмаган оиланинг пойдевори эса мўрт бўлади. Албатта бунда “оммавий маданият”нинг маълум даражада таъсири йўқ эмас.

Бу тарғиботнинг яна бир воситаси кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, канцелария  маҳсулотларидир. Оилалардаги можароларга ҳам келинларнинг қайнона ёки куёвга ёқмайдиган кийимларнинг кийиб юришидир. Уларнинг “оммавий маданият” нинг мода намойишига эргашиб, қадриятларимизни оёқ ости қиладиган либосларни кийиб юришлари- тиззаси йиртиқ шим, турли ёзув ва суратлар туширилган кийим-бошлар аҳлоқ-одоб меъёрларига тўғри келмайди. Ёки аксинча, куёв бўлмиш калта шёртик кийиб, бошига аллақандай шакллар тушириб юрса унинг йигитлик шаъни қаёқда қолади? Бу ҳолатлар айнан “оммавий маданият” дан сизиб чиққан “маданиятсизлик”нинг ўзгинасидир.

Эндиликда озиқ-овқат маҳсулотлари расталарида “Криешки” болалар емиши пакетчасига “Косем” сериалидаги қаҳрамонларнинг сурати туширилгани кишини ҳайрон қолдиради. Дафтар муқовасида ҳам айнан ана шундай суратларни, болалар тарбиясига салбий таъсир этадиган расмларни учратиш мумкин.

Бугун огоҳлик сўзи ҳар доимгидан кўра муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Оилаларда биринчи навбатда фарзандларимизни турли таҳдидлардан, “оммавий маданият” иллатларидан ҳимоя қилиш учун ота-оналар ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишлари керак. Зеро, зарарли таъсирлар худди ҳавога кўтарилаётган чанг атроф-муҳитга, инсон саломатлигига хавф солгани каби ёшлар онгида ҳам заҳарли асоратларни қолдиради. Буни унутмайлик…