Қўмондон билан учрашув

Айём муносабати билан Олтиариқ туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулло Бузруков билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида қўмондон Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда ҳамда миллий армиямизни шакллантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида тўхталиб, чексиз фахр ва ифтихор билан йиғилганларга ўзи туғилиб ўсган она қишлоғи ва жонажон мактаби ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг туман ҳокими Холмирза Ниёзов сўзга чиқиб, вилоят ва республика миқёсида ўтказиладиган кўплаб кўрик-танлов ва мусобоқаларда юқори натижаларни қўлга киритаётган мактаб ўқувчилари номини эътироф этар экан, чинакам  Темурбеклар етишиб  чиқаётганлиги билан фахрланишини билдирди.

Учрашувда полковник Л.Бузруков мактаб фондига 200 дан зиёд илмий ва бадиий китоблар тўплами, компьютер, шунингдек, мактабнинг энг аълочи ўқувчиларидан бири, “Ёш китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган Мухлиса Ҳайдаровага энг сўнгги русумдаги ноутбукни совға қилди.

Тадбирда  ҳарбийларнинг жанговар чиқишлари намойиш этилди. Замонавий ҳарбий техника воситалари кўргазмаси ташкил этилиб, улар ҳақида маълумот берилди.

Элимиз суйган санъаткорлар томонидан  ижро этилган куй-қўшиқлар Азимобод маданият  ва аҳоли дам олиш маркази хонандалари томонидан тайёрланган қизиқарли бадиий байрам дастури  даврага янада файз киритди.