Гиёҳвандлик – офат келтирувчи иллат

Айни кунларда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлар сирасига киради. Бежизга уни “аср вабоси” дея таърифлашмаган. Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, турли касалликларга чидамлилигини йўқотади ва хотирани сусайтиради. Бош, юрак, сил, истисқо сингари жиддий касалликларни юзага келтиради, инсоний муносабатлар ва соғлом турмуш тарзига зарар етказади. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, ғайратсиз, оилага бепарво қилиб қўяди, жамият ҳаётидаги фаоллигини йўқотади.

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижаси ўлароқ аксарият ҳамюртларимиз фан-техника, телекоммуникация, маданият, мусиқа, спорт ва бошқа соҳаларда мамлакатимиз довруғини дунёга таратмоқда. Аммо яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига айрим ҳамюртларимизни турли салбий иллатларга мубтало бўлиб, ўзларининг ҳаётига нуқта қўяётганликлари ачинарлидир. Бу иллатлардан энг хавфли тус олаётгани – гиёҳвандликдир.

З. Аҳмадов (исм-шариф ўзгартирилган) 2017 йилнинг декабрь ойи бошларида яшаш хонадони томорқасига тақиқланган экин саналувчи таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган кўкнор ўсимлиги уруғларини экиб, парваришлаб келган, 2018 йилнинг май ойи бошларида пишиб етилган кўкнор ўсимликларини юлиб олиб, бошоқларини кейинчалик ўзи истеъмол қилиш мақсадида қуритиб, ушбу кўкнори ўсимлигининг бошоқларини пояларидан ажратиб олган. Кейин кўкнор бошоқларини бир дона полиэтилен қопга солиб, яшаш хонадони том қисмида  қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

2018 йилнинг 22 сентябрь куни Фарғона вилояти ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида З.Аҳмадовнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида,  хонадоннинг том қисми чердагида бир дона полиэтилен қопга солинган соф оғирлиги 1831,0 грамм гиёҳвандлик воситаси топилган. Шу асосда мазкур ҳолат юзасидан З.Аҳмадовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди ва ҳуқуқий жиҳатдан чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилди.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2018 йил 7 декбарь кунги ҳукмига кўра, З.Аҳмадовга нисбатан 4 йил муддатга озодлик чеклаш жазоси тайинланди. Тайинланган жазога асосида З. Аҳмадовга сутканинг соат 21:00 дан 06:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиш чекланди. Шунингдек, унга нисбатан кафе, бар, ресторан ва тунги клубларга бормаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик, жазони назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, алкоголли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар белгиланди.

Демак, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди. Бу ҳолат барчамизга сабоқ бўлиши керак.

Б. МИРЗАЕВ,

Фарғона вилояти ИИБ

Транспортда ЖХТБ ҳузуридаги

тергов бўлинмаси суриштирувчиси,

катта лейтенант.