Лойиҳалар фаровонликка хизмат қилади

Бугунги кунда вилоятимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида умумий қиймати 2 триллион 700 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 461 та лойиҳалар амалга оширилиб, уларда 7 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Жумладан, 204 та саноат, 137 та хизмат кўрсатиш ва сервис, 120 та қишлоқ хўжалиги йўналишида лойиҳалар ижроси таъминланди.

Лойиҳаларни амалга оширишга тижорат банклари томонидан 1 триллион 104 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди, хорижий инвестициялар ҳисобидан 64,2 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилди. Шу билан бирга, лойиҳа ташаббускорларининг 1 триллион 103 миллиард сўм маблағларини лойиҳаларга сарфланишига эришилди.

Дастур доирасида саноат бўйича ишга туширилган 204 та лойиҳаларнинг 15 таси кимё ва нефткимё, 10 таси машинасозлик, 46 таси қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 35 таси озиқ-овқат, 55 таси текстиль ва тўқимачилик, 9 таси чарм-пойабзал, 3 таси фармацевтика, 31 таси эса бошқа йўналишларда амалга оширилди.

Ҳукуматимизнинг алоҳида эътибори натижасида Қўқон шаҳрида “Adan Textile” МЧЖда болалар ва спорт сумкалари, Учкўприк туманидаги “Қақир саноат инвест” корхонасида трикотаж мато, “Zunnur servis farm” МЧЖда турли хил дори-дармон воситалари, Данғара туманидаги “Dangara mega cattle” корхонасида электротехника товарлари каби импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Сўнгги йилларда ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари замонавий технологиялар билан жиҳозланиш йўлига ўтди, янги ташкил этилаётганлари эса замонавийлик билан чегараланиб қолмасдан ҳам арзон, ҳам энергия тежовчи жиҳозлар билан таъминланишни ўзига мақсад қилмоқда. Шулар жумласига Қўқон шаҳридаги «Admiral group» корхонаси томонидан қиймати 6,4 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилиб, ун маҳсулоти ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини келтириш мумкин.

Ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида 50 нафар қўқонлик ишли бўлиб, вилоятимизга йилига 35 минг тонна ун маҳсулотлари етказиб бериш имконияти яратилди.

Фарғонада саноат соҳасида кейинги йилларда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, Марғилон шаҳридаги «Нарим текс» МЧЖ томонидан қиймати 64 миллиард сўмга тенг бўлган маблағлар ўзлаштирилиши натижасида йилига 2 миллион пагонометр жун аралашмали мато ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширишилиши натижасида 250 та янги иш ўринлари яратилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишга туширилган 120 та лойиҳаларнинг 48 таси чорвачилик, 11 таси  паррандачилик, 3 таси балиқчилик, 16 таси иссиқхоналар, 33 таси музлаткичли камералар ташкил этиш, 9 таси қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишларида амалга оширилди.

Вилоятимизда илғор ва инновацион технологиялар асосида кўплаб иссиқхоналар фаолият юритиб, уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиш ва баҳор мавсумида аҳоли дастурхонига тортиқ қилиняпти. Дастур доирасида мазкур йўналишда ҳам истиқболли лойиҳалар мавжуд бўлиб, Данғара туманидаги «Зимний сад» корхонаси томонидан  қиймати 8 миллиард сўмга тенг маблағлар ўзлаштирилиб, 5,5 гектар ер майдонида замонавий типдаги – гидропоника усулида иссиқхона ташкил этилди ва 19 та янги иш ўрни яратилди.

Олтиариқ туманидаги «My garden» фермер хўжалигида музлаткичли омборхона, Учкўприк туманидаги «Учкўприк парранда» корхонасида паррандачилик йўналиши ташкил этилди.

Хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида ишга туширилган 137 та лойиҳаларнинг 16 таси кафе ресторан, 7 таси маиший хизмат кўрсатиш, 3 таси меҳмонхона, 53 таси савдо, 17 таси соғлиқни сақлаш соҳаси,  15 таси транспорт,  3 таси туризм ва 23 таси бошқа хизмат кўрсатиш турларидан иборат бўлди.

Дастур доирасида амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига вилоятимиз бюджетига қўшимча тушум ҳажми 60 миллиард сўмга кўпайишига эришилиши кутиляпти.Шунингдек, янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирилиши – импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни маҳаллийлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, вилоятимизда 2018 йил давомида 70 хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар рўйхатдан ўтиб, ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар,  булардан 49 таси қўшма корхоналар ва 21 таси хорижий корхоналардан иборат.

Фарғона шаҳрида 20 та, Қўқон шаҳрида 9 та, Марғилон шаҳрида 5 та, Қувасой шаҳрида 2 та, Олтиариқ, Ўзбекистон туманларида 6 тадан,  Қува туманида 5 та, Бешариқ, Бағдод, Данғара, Риштон, Учкўприк, Фарғона туманларида 2 тадан, Бувайда, Қўштепа, Сўх, Тошлоқ, Фурқат туманларида 1 тадан хорижий сармоялар иштирокида корхоналар ташкил топди.

Корхоналар асосан Хитой, Россия, Туркия, Жанубий Корея давлатлари компаниялари инвестицияси иштирокида фаолиятларини бошлаганликларини таъкидлаш ўринли.

Ҳар бир амалга оширилган лойиҳалар, ишга туширилган корхоналар эса аҳоли даромади ошишига, янги иш ўринлари яратилишига, юртимиз иқтисодиёти ўсишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.