Юртга хизмат – олий шараф

Президентимизнинг 2018 йил 13 декабрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурч!” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирлар Қува туманида ҳам кенг миқёсда  ўтказилмоқда.

Ойлик доирасида Шарқий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларда ташкил этилган очиқ эшиклар куни ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Ҳарбий қурол-аслаҳалар, техника ва автомобиллар кўргазмаси, ҳарбийларнинг яшаш тарзи, спорт майдончалари унда иштирок этган 6, 7-умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун таассуротларга бой бўлди. Ҳарбий қисм вакиллари кўргазма қатнашчилари билан қизиқарли маълумотларни ўртоқлашдилар. Техникалардан фойдаланиш тўғрисида тушунчалар бердилар.

“Жасмин Инфо-парвоз” китоб савдо мажмуаси томонидан ташкил этилган савдо ярмаркаси ҳам ёшлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Анжуманда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши мутахассиси Ўткирбек Эгамбердиев, Қува туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Кенжабой Кекбоев, ҳарбий қисмнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси ва маданият маркази бошлиғи Хайрулло Ҳасановлар иштирок этди.

Ҳарбий қисмда оддий аскарлар учун ҳам ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.

 

Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ,

Қува тумани.