Қадимий ва ноёб ҳунармандчилик тараннуми

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги  қарори  ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрь кунги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори қабул қилиниб,  фестиваль низоми ва “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ҳозирги кунда Қўқон шаҳрида  фестивалга тайёргарлик бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.

Айниқса,  шаҳарнинг барча кўча ва хиёбонларида ободонлаштириш, қайта  реконструкция  ишлари  авжида.  Ўрда майдонидаги  ажриқ майсалари олиб ташланиб, ўрнига янгидан “регрес” экиш  ишлари якунланяпти, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Қўқон шаҳар бўлими раиси Мухторжон Азимов. – Ҳозирда ушбу фестивалга 82 давлатдан 600 га яқин ҳунармандлар ва хориждан меҳмонлар ташрифи кутиляпти. Республикамиз вилоятларидан 1000 нафарга яқин  ҳунармандлар  ўз маҳсулотлари ҳамда махорат дарслари ўтиш учун таклиф этилди. Ўрда майдонига ташриф буюрадиган меҳмонлар жойлашуви дислокациялари вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси ёрдамида ишлаб чиқилди. Қолаверса, хориждан ташриф буюрадиган меҳмонларни  вилоятимиздаги  маданий мерос объектлари ва қадамжоларига зиёратгоҳларга саёҳат қилдириш мақсадида замонавий ва талаб даражасидаги автобуслардан фойдаланиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

– Фестиваль кунларида чет эллик меҳмонларга Қўқон шаҳар ширмой нони, миллий ширинликларини тортиқ этишга алоҳида эътибор берилади. Қўқонлик  пичоқчи ҳунарманд  Ҳасанбой Умаров уйида  Фарғона  услубида пичоқ, ханжар, сувенир қилич ясаш бўйича  “Усто- шогирд” мактабида  маҳорат дарсларини  ўтказиш мўлжалланди. Буларнинг барчаси  вилоятимизга  ташриф буюрган чет эллик сайёҳларнинг туристик маршрути рўйхатига  киритилди.  Шаҳардаги  Фурқат боғи ҳудудида  кичик ҳунармандлар шаҳарчаси бунёд этилади, – дейди вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов. – Асосий кўзланган мақсад –вилоятимизга ташриф буюрувчи хорижий  ҳамда  маҳаллий  туристлар  сонини кўпайтириш ҳунармандчиликнинг ривожланишига кучли туртки бўлиб, туризм ва ҳунармандчилик  соҳасида экспорт тушуми кўпаяди, янги иш ўринлари яратилади.

Бундан ташқари хориж ва вилоятлардан ташриф буюрадиган меҳмонларни ётоқхона ва меҳмонхоналарга жойлаштириш режалари ҳамда фестиваль концепцияси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда фестиваль  логотипи учун танлов эълон  қилинган бўлиб, 15 январь куни якунига етади.  Фестиваль сайти: handicrafters.uz ҳам  яратилди.

Мухтасар НОРБОЕВА.