“Фарғоналиклар” мутолаасидан топганларим

Чилла шабадаси дарахтларнинг елкасига оқ қиров ёпганига қарамай кўкдаги қуёш булутлар ортидан мўралаб табассум қилаётган гўдакни эслатади. Ҳаво совуқ бўлгани билан ундаги ҳароратга жисмда ҳам, руҳиятда ҳам эҳтиёж катта. Деразани истамайгина ёпаман-да, кечадан бери ўқийман деб юмушлардан ортинолмаётганим, устоз шоирнинг янги китобини қўлимга оламан.

Аввало китобнинг муқоваси яшил – яшариш-янгиланиш рангида экани эътиборимни тортган бўлса, қирқ ўрим сочи дўпписидан шаршарадек тўкилиб турган, ийманиб қарашлари Кумушбибини эслатувчи  қизларнинг ва аския, пайровлардан яйраган отахонннинг суврати иштиёқимни чўғлантирди. Китобнинг номи ҳам самимий: “Фарғоналиклар”.

2017 йил 3 августда Президентимиз ижодкор зиёлилар билан бўлган тарихий учрашувида улуғ адибларни ўзи туғилиб ўсган маскандаги ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида асар ёзишга чорлаганди. “Ушбу сониянинг ўзидаёқ ўта илҳомбахш бурч туйғуси зоҳирланиб, вужуд-вужудига тошқиндек ёйилган” халқимизнинг севимли адиби Анвар Обиджон ушбу асарни ёзди.

Китобни варақлар эканман, вилоятимизда амалга оширилаётган ҳайратомуз бунёдкорликлар, юртдошларимизнинг кайфиятидаги, руҳиятидаги мислсиз кўтаринкилик туйғуларини муаллиф устози Эркин Воҳидов билан ғойибона суҳбат тарзида тасвирлагани асарнинг янада табиийлигини оширганини илғадим.

Адибнинг ўзига хос ёндашувини шунда кўриш мумкинки, ҳудуддаги йиллар давомида юксалиш пиллапоясида бўлган, салобатли  корхоналарга узоқ тўхталмай, оддийгина қўли қадоқ деҳқоннинг бир ҳовуч буғдой ортидаги жасорати, изланувчан тадбиркорнинг халқнинг қозонини мойлаётган ғоялари, кеча тўртта сигирга жой тополмай юрган йигитнинг бугун йирик фермерга айлангани тўғрисидаги жараёнларга алоҳида урғу берган. Айни дамда катта муваффақиятлар энг қуйи ўзгаришлар, заҳматларнинг тупроғидан дунёга келиши кўнглимдан ўтди.

Устоз турли минтақаларда кечаётган уруш, вайронагарчиликларга тўхталиб, бизнинг ўлкада минглаб янги шинам уйлар халқимизнинг обод ҳаёти учун ҳозирланаётганини ёзаяптию, китобхоннинг кўз ўнгида уруш дахшатидан саросимага тушган кўзлар эмас, янги уйнинг калитини олиб севинганидан боласини бағрига босганча, қувонч ёшларини тўкаётган бахтиёр кўзларни ҳис қилишга имкон бергандек.

Мутолаа завқи ҳар бир китобхонни асар қаҳрамонларининг ҳаракатлари замирида оддий “тирикчилик” деб аталмиш ҳалол меҳнат негизида ҳам катта бунёдкорлик камол топишига иқрорлик ҳиссини кучайтиради. Ёзувчи жойлардаги улкан қалб соҳиблари ҳақида сўзлаётиб, беихтиёр ўтмишдан лавҳалар келтиради ва ўша давр арбобларининг орзулари, кечинмаларини бугун билан ёнма-ён қўяди.  Айниқса Хўқанди латиф, Марғилон, Олтиариққа бағишланган қисмларда бу усул қолипга тушгандек. Адиб шундай ёзади: “Эмишки, илгарилари Марғилон ўз турупларию, узумлари билан беҳад донг таратган экан. Кейинчалик олтиариқликлар буларнинг сирини ўрганиб юриб, охири “устоз”ларнинг бозорини касод қилишибди. Шу боис марғилонлик ҳозирги новвойлар ўзларининг таъми беқиёс нонларини ясашдан олдин фарзандларига ҳадикли юзланиб, ҳой, қара-чи, бирорта олтиариқлик девордан мўралаб турмаганмикан, деб қўйишаркан”.

Ютуқлар асосида юртдошлармизнинг уддабуронлиги, тиниб-тинчимаслигини кўрсатиб турувчи бу каби юмор билан суғорилган мулоҳазалар асардаги рақамларни жонлантириб турибди.

Бугуннинг китобхони адабий  дид ва танлов борасида анчагина пешқадам. Асарни китобхонники бўлиши учун,  ёзувчи далиллар, фактлар, рақамларни юксак мушоҳадалар, кенг дунёқараш, пишиқ тажриба билан омухта қилмаса ёзилган ишлар юракка кўчмай қоғозларда қолиб кетишини давр шиддати тақозо этмоқда. “Фарғоналиклар” китоби зериктирмайди, мужмал киритмалар билан чарчатмайди, йўл кўрсатади, ойдинлик киритади, маънавий, руҳий қувват бағишлайди. Мен ушбу китобни ўқиш жараёнида Фарғонанинг ҳар бир ҳудудига кириб бордим, ўша қорамағиз, тўқувчи қизларнинг ичида ўзимни кўрдим, бобдан бобга, саҳифадан саҳифага завқ билан ўтдим. Асардаги бугуннинг қаҳрамонлари бўлмиш фермер Лола Муротова, “Анорзорлар маликаси” Мастура Сайфуддинова гўёки менинг муштипар онам, боғига “боласидек қараган” деҳқон Ҳусанбой узумчи заҳматкаш отам, бирникини мингга татисин деб, тинмаётган жаҳонгашта Адҳамжон Абдураҳмонов акам, нозик жуссаси билан катта ишларнинг бошида турган Дилшода Усмонова менинг опам, Мангубердилардан эканимизни дунёга қайта ва қайта кўрсатаётган темирпанжа полвонлар тенгдошларим… уларнинг бегонаси йўқ.

Китобни аста ёпиб, ёришиб келаётган эзгу кунга ўзимни созлайман. Йўлнинг у юзида янги иморатга лой кўтараётган қурувчилар томонга одимладим. Ҳеч муболағасиз  “Фарғоналиклар” номли чинакам қуйма ҳаётий  китоб эса қалб жавонимдан  мени янги марралар сари чорлаб турибди.

Дилшода ЭРГАШЕВА

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси

вилоят бўлими бош мутахассиси.