Ҳаётбаҳш ислоҳотлар бардавом бўлади

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси олдимизда турган энг муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб берганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.

Мурожаатномани тинглаш жараёнида, унда билдирилган фикрлар, маълумотлар, факт ва рақамлардан тегишли хулоса чиқариб,  олдимизга бир қатор муҳим йўналиш ва вазифаларни қатъий белгилаб олдик.

«Биз янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда янги бир амалиётни жорий этамиз. Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар ойда ҳисобот бериб боради» деди давлатимиз раҳбари.

Ана шу фикрларнинг ўзиёқ мамлакатимиз раҳбарининг Парламентимизга бўлган юксак ишончи ва ҳурматининг ёрқин ифодасидир.

Мурожаатноманинг энг аҳамиятли томонларидан бир шуки, Парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини жонлантириш лозимлиги қайд этилди.

“Ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ Парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин, вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу боис Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман”, деди Президентимиз.

Албатта, бу мамлакатимиз сиёсий ҳаётида жудда катта янгилик бўлиб, ҳар бир вазирликнинг халқ вакиллари ҳисобланмиш Парламент олдидаги масъулиятини янада оширади. Бу эндиликда вазирликка номзод шахслар ҳам бевосита халқ вакиллари – депутатлар тимсолида халқимизнинг розилиги асосида тайинланади, деганидир.

Мурожаатномада шунингдек, Парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият бериш зарурлиги қайд этилди.

“Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ”, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, Парламент назорати институти халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторлар барча соҳа ва тармоқларни чуқур ўрганишлари, учраётган камчилик ва муаммоларни хал этишда етакчи куч бўлишлари зарур.

Юртбошимиз анъанага кўра 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили​​” деб эълон қилди. Бу  эса янги йилда ҳам тадбиркорлик ва ишбилармонлик, инновацион ғоя ва технологиялар қўллаб-қувватланишидан далолат беради. Бундан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантириш, тиббиёт, таълим йўланишлари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари ҳам келгуси йилда янада юқори босқичга кўтарилади.

Президентимиз янги йилга бу тарзда ном берилишини изоҳлар экан инвестиция мамлакатда ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини таъминлаш, барқарор ривожланишга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланишини, сармоя мамлакатда муносиб турмуш шароити, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашга имкон яратишини айтиб ўтди.

2019 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини узлуксиз ошириш орқали уни 44 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бу, аввало, замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни давом эттириш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳисобига амалга оширилади.

Маърузада билдирилган ҳар бир фикр-мулоҳазани бевосита ён дафтаримизга қайд этиб оларканмиз,  келгуси йилда ҳам мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида улкан ўзгаришлар бўлишига ишонч хосил қилдик. Бу жараёнда эса халқ вакили сифатида иштирок этиш, фаоллик кўрсатиш энг олий мақсадимизга айланди.

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.