Чиройли гол соҳиби

2018 йилнинг охирида Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг қарори асосида мавсум илғорларини аниқлаш, мукофотлаш ва рағбатлантириш тадбири  ўтказилди. Мавсумнинг энг  яхши  жамоаси, энг яхши дарвозабон, энг яхши ҳужумчи, энг яхши ҳимоячи, энг яхши мураббий сингари турли йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, футбол мутахассислари ва мухлислари иштирокида муносиб тақдирланди.

Номинациялар орасида энг чиройли гол йўналиши ҳам бор эди. Бу йўналишда “Бухоро” жамоасининг ҳужумчиси Санъат Шихов ва “Нефтчи” ҳужумчиси  Шерзод Ҳакимовларнинг номзодлари кўрсатилиб, биринчи ўринга фарғоналик футболчи муносиб деб топилди.

– Бу мукофот мени, бутун жамоамизни ва вилоятимиздаги мухлисларни беҳад қувонтирди,  – дейди Шерзод Ҳакимов.

– Мен  Фарғонада  туғилиб  ўсганман. Ўқишни шаҳардаги 25-ўрта мактабда бошлаб, Фарғона футбол мактаб-интернатида давом эттирганман. 2005 йилдан  бошлаб профессионал футбол жамоаларида тўп сурганман. Бора-бора “Нефтчи” таркибида футбол мутахассислари ва кўплаб мухлисларнинг назарига тушганман. 2018 йил футбол мавсумида республика миқёсида бундай юксак мукофотга сазовор бўламан, деб ўйламагандим. Лекин тажриба ва маҳорат билан бирга омад ҳам ёнма-ён экан.

– Афсуски,  ўтган  мавсум севимли жамоамиз учун омадсиз якунланди, – дея  сўзини давом эттирди Шерзод. – Суперлигада мустаҳкам ўрнашиб қолиш юзасидан қўйилган  вазифа  уддаланмади. Йил якунига кўра турнир жадвалида охирги ўринга тушиб қолдик ва ўрнимизни пролига ғолиби “Андижон” жамоасига бўшатиб беришга мажбур бўлдик. Бу – вақтинчалик чекиниш. Жамоадош  дўстларим билан 2019 йилда бор куч ва маҳоратимизни ишга солиб, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни кучайтириб, суперлига аъзолигини Фарғонага қайтаришга ҳаракат қиламиз.

Дониёр Эргашев.