Хизмат кўрсатишда сифат ва самарадорлик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган Давлат хизматлари агентлиги фаолиятига бир йил тўлди.

Қисқа давр ичида агентлик томонидан нафақат юридик балки жисмоний шахсларнинг давлат хизматларидан унумли  фойдаланиши учун қулайликлар яратилди ҳамда  кўплаб соҳаларнинг хизмат турларини қамраб олган муҳим ташкилотга айланди. 33 турдан бошлаб,  бугунги кунга қадар 70 га яқин, Қўқон шаҳар Давлат хизматлари марказида эса тажриба тариқасида 103 та хизмат турлари кўрсатилмоқда. Мухбиримиз шу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Раъно Бойқўзиева билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари томонидан халқнинг оғирини енгил қилишга қаратилган замонавий ахборот технологиялари асосида хизмат кўрсатишнинг янги концепцияси жорий этилиши аҳоли мушкулини осон қилди.  Янги тизим нафақат сарф-ҳаражатларни балки инсон  учун қимматли  бўлган вақтни тежашга имконият яратди. Асосий эътибор  навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликни олдини олиш, халқни  давлат идораларидан рози бўлишига қаратилди. Тузилма аҳоли ва тадбиркорларга  давлат хизматларини бир жойда, тезкор  ва қулай усулда кўрсатади.  Бугунги кунда барча туман-шаҳар Давлат хизматлари марказлари томонидан бир йил давомида 509827 та,  “Ягона дарча”  фаолиятига нисбатан 25 баробар кўп хизмат кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 30 дақиқа этиб белгиланган.

Юқоридаги тартиб натижасида 2018 йил давомида туман-шаҳар Давлат хизматлари марказлари томонидан жами 5936 та юридик шахс бўлган, 22010 та юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилишига эришилди. Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар 36 тани ташкил этди.

Болаларни боғчага жойлаштириш  билан боғлиқ ҳужжатлардан тортиб уларга  ФҲДЁ томонидан бериладиган никоҳ гувоҳномаларигача марказда расмийлаштирилади. Тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини  лицензиялаш,  дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсатномалар бериш сингари хизмат турлари аҳолига тақдим этиб келиняпти.

Эндиликда Давлат хизматлари марказлари томонидан олдин мавжуд бўлмаган тартиб, яъни сайёр давлат хизматлари ҳам таклиф қилинмоқда.  Жумладан,  1397 та тадбиркорлик субъектлари бевосита ҳудудларнинг ўзида расмийлаштирилиб, 648 та тадбиркорлик субъектлари қайта рўйхатдан ўтказилди. Фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланишини таъминлаш мақсадида, вилоятнинг энг олис, чекка қишлоқларида ва бориш қийин бўлган ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик масаласига қизиқиши бўлган вилоятнинг илғор тадбиркорлари билан учрашувлар ташкил қилиниб, бу тадбирларда 200 мингдан ортиқ аҳоли қамраб олинди. Вилоятдаги мавжуд 1028 та маҳаллалар биносида марказлар орқали кўрсатиладиган хизмат турлари, маҳаллаларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган “Адлия бурчаклари” ташкил этилди.

Давлат хизматлари агентлигида давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнида мурожаатларни асоссиз рад этган,  ижро муддатини бузган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш амалиётининг жорий этилиши  фаолиятимиздаги “Тезкор, қулай ва адолатли” принципларини  сўзсиз таъминланишига  хизмат қилмоқда.

Яшириб нима қилдик, айрим мутасаддиларнинг бепарволиги, ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиши натижасида  мурожаатига  вақтида  ва белгиланган тартибда  жавоб ололмай сарсон бўлган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Хусусан, давлат хизматлари кўрсатиш муддатини бузган 50 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, рад этилган ва муддати бузилган мурожаатлар юзасидан давлат хизматларини кўрсатувчи идораларга тақдимнома ва огоҳномалар киритилди.

Мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ҳар бир масъул шахс эгаллаб турган лавозимидан ва мавқеъидан қатъий назар  унга юклатилган вазифага масъулият билан ёндошиб,  ҳамкорлик талабларига тўла риоя этиши давлат хизматлари кўрсатишнинг ўзига хос институт сифатида шаклланишига замин яратади.