Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш – доимий эътибор марказида

Жорий йилнинг 2 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг эълон қилиниши жамият ҳаётининг катта кучига айланган хотин-қизларга қаратилган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг юксак тимсоли бўлди.

Ушбу тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, унинг мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятнинг барча соҳаларида  қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, салоҳиятини намойиш этиши учун шарт-шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби эзгу саъй-ҳаракатларни амалга оширишдаги аҳамияти хусусида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Алимова билан суҳбатлашдик.

-Муҳтарам Юртбошимизнинг мазкур Фармони ватанимиз тараққиётида муҳим ўрин ва мавқе касб этган аёл зоти, оналар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига урғу берилгани билан аҳамиятли бўлибгина қолмасдан, у миллат аёлларининг узоқ йиллик орзу-интилишлари, хотин-қизлар билан ишлаш тизимида тўпланиб қолган оғриқли нуқталаримизнинг муносиб ечимига катта йўл очиб берди. Фармон ва унинг ижроси йўлидаги амалий ишларни кўриб, давлат раҳбари хотин-қизлар билан боғлиқ бирор масалани эътибордан четда қолдирмаганига гувоҳ бўламиз. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида қатор чора-тадбирларнинг белгиланганлиги, айниқса, эътиборлидир.

Жумладан,  эндиликда барча маҳалла фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди. Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органи фаолиятини мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари –хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди. Бу билан жойлардаги хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари ва Республика қўмитасининг имконияти ва таъсири кучайтирилди.

Оналар ва гўдаклар ўлими қайд этилаётгани, ногирон болалар туғилаётгани – хотин-қизларнинг репродуктиқ саломатлигини таъминлаш бўйича ишлар қониқарсиз эканлигини кўрсатиб берган. Шу боис оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида “Аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, муқаддам жиноят содир этган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чоралар кўришда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш ва уларга ижтимоий, психологик ва тиббий ёрдамлар кўрсатиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, эр-хотин, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, оилавий қариндошлар ҳамда қўни-қўшнилар ўртасидаги низоларни доимий назоратга олиш мақсадида жамоатчилик асосида ташкил қилинган «Яраштириш комиссияси», «Қайноналар кенгаши» фаолиятини кучайтиришга киришилди.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларга имтиёзли уйлардан ажратиш, шунингдек, ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатини шакллантириб, уларнинг бандлигини таъминлаш каби масалалари алоҳида эътиборга олинган. Масалан, вилоятда истиқомат қилаётган 970 нафар оғир турмуш шароитидаги  хотин-қизларни тадбиркорликка ва “уста-шогирд” анъаналари  асосида ҳунармандчиликка ўргатиш  орқали  уларни  бандлигини  таъминлаш чораларини кўришга эътибор қаратилди. Айни кунларда тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан  шуғулланиш истагидаги  хотин-қизлар, айниқса қишлоқ жойлардаги қизларни хусусий ва оилавий тадбиркорликка, хунармандчиликка кенг жалб этиш, иқтисодий билимларини ошириш мақсадида  “Менинг бизнес ғоям”, “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси” каби мавзуларда  семинар-ўқувлар ўтказилиши режалаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги
Фармонига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофоти 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан вакилаларига берилган бўлса, янги Фармонга мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериш белгиланди ва ёш чегарасининг узайтирилгани таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ютуқларга эришган ҳамда илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Президентимиз томонидан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик, ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилгани кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

Мазкур Фармоннинг вилоятимиздаги ижроси юзасидан қабул қилинган вилоят ҳокимининг фармойиши ҳудудда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир барча чора-тадбирларни ўз ичига олган. Унга мувофиқ, шаҳар-туманларда никоҳланувчи ёшлар ўртасида “Оила дорилфунуни” ўқувларини ташкил этиш, уларга оила ва никоҳ муносабатлари бўйича тушунчалар бериш, ушбу ўқувларда ота-оналар иштирокини ҳам таъминлашга эришилмоқда. Касб-ҳунар коллежларидаги “Ёш оила қурувчилар мактаби” ўқув режаси қайта кўриб чиқилиб, ўқувларни ташкил этилаётгани ўзининг дастлабки самараларини бераётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга ошириладиган ишлар “Йўл харита”си вилоятимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Бу эса ўз навбатида аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак”, деган таъкиди бизга чексиз куч ва шижоат бағишлайди.

 

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА суҳбатлашди.