Раҳбар фаолиятининг бош мезони

Айни кунларда мамлакатимизда “Одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” деган эзгу тамойил асосида иш юритиш ҳар бир раҳбар ходим учун устувор вазифа сифатида белгиланиб, аҳолини ўйлантираётган масала ва муаммоларни ҳал этиш борасида жамиятимизда муҳит ўзгариши таъминланди.

Ҳар бир мурожаат билан ишлашда ўзига хос тартиб ўрнатилгани эса фуқаролар томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликларга эътибор қаратиш, ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида эзгу ташаббусларни илгари суриш учун имконият яратаётгани билан аҳамиятлидир.

Бунинг самараси сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатдан янги тизими жорий этилди. Шу тариқа эндиликда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил амалда ўз тасдиғини топишига эришилмоқда.

Шу йилнинг 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилояти Халқ қабулхонасида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевнинг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Сайёр қабулда вилоят ҳокими томонидан 80 дан ортиқ жисмоний ва  юридик шахсларнинг мурожаатлари ўрганилиб, вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар-туманлар ҳокимлари иштирокида мурожаатлар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Сайёр қабулда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, бу борадаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, ишга жойлашиш, ер ажратиш, соғлиқни сақлаш, таълим, банк кредитлари, уй-жой коммунал ва йўл-транспорт хизматлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятига тааллуқли турли муаммо ва масалалар, амалий таклифлар кўриб чиқилди. Вилоят раҳбари Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳри, Бешариқ, Ўзбекистон, Данғара, Бувайда, Бағдод, Риштон, Олтиариқ, Қўштепа, Қува, Фарғона, Ёзёвон ҳамда Тошлоқ туманларидан ташриф буюрган аҳоли вакиллари билан самимий суҳбатлашди.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон, оила ёки жамоанинг манфаатлари туриши, уларга муносабат раҳбарларга бўлган ишончни амалда ҳал қилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат эканлигини унутмаслик зарур,-деди вилоят ҳокими. – Шу билан бирга шаҳар-туманларимиздан келиб тушаётган мурожаатлар халқимизни жамиятимизда юз бераётган кенг кўламли янгиланиш ва ўзгаришларга бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилояти Халқ қабулхонасига Бувайда туманидан мурожаат этган Эргашой Турсунова таълим соҳасида катта тажрибага эга. У ўз маблағи ҳисобига давлат-хусусий шериклик тамойили асосида туман марказида 100 ўринли, Алимерган қишлоғида эса имтиёзли банк кредити эвазига 25 ўринли мактабгача таълим муассасаси бунёд этмоқда. Аммо боғча қурилиши учун ажратилган ер масаласида баъзи муаммолар келиб чиққан бўлиб, вилоят ҳокими сайёр қабулида ушбу муаммо ижобий ҳал этилди.

Бугун қурилиш ишлари билан боғлиқ муаммо қисқа фурсат ичида ҳал этилганидан беҳад мамнунман, – дейди Э.Турсунова. – Бундан руҳланган ҳолда қурилиш ишларини жадаллик билан давом эттириб, 2 та боғчани жорий йилги Наврўз байрамига фойдаланишга топширамиз. Таҳлилларимизнинг кўрсатишича, мазкур ҳудудларда болаларни мактабгача таълим муассасасига қамраб олиш даражаси 50 фоизга ҳам етмайди. Янги боғчалар фойдаланишга топширилиши нафақат қамров даражасини ошириш, балки болаларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш имконини беради.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг сайёр қабули давомида гидропоника усулида иссиқхона қуриш, йилқичилик билан шуғулланиш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун ер майдони ажратиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, мактабгача таълим муассасаси қуриш, суд қарори ижроси, кредит, ишга жойлашиш, янги уйлар олиш, моддий ёрдам ва нафақа, оилавий муаммолар билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ўз ечимини топди. Мурожаатлар бўйича алоҳида назоратга олинган муаммо ва масалалар, таклиф ва ташаббуслар юзасидан тегишли мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан амалий тавсиялар берилди.