Янги йил байрами шодликлари

Вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида “Президент арчаси” тантаналари болалар ҳаётига унутилмас таассуротлар билан кириб келган бўлса, яқинда нишонланадиган Ватан ҳимоячилари куни ҳам уларнинг мурғак қалбларида Ватандан фахрланиш туйғусини шакллантиради.

Болажонлар ёдлаган шеърларнинг ҳар бир сатри кўзларга тўтиё, қалбларга ёқимли куйдек. Айни пайтда Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида давом этаётган байрам тантаналари нафақат болалар балки, бутун фарғоналикларнинг орзу-мақсадлари билан ҳамоҳанглик касб этмоқда.

Ҳар бир бола бетакрор олам. Орамизда тарбияси оғир оила фарзандлари борлигини яширмаймиз. Лекин улар ҳам бугунги шукуҳли тадбирлардан баҳра олиб қувончларини шеъру қўшиқларда ифода этмоқдалар.

Вилоят ҳокимлиги, бошқа дахлдор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўғил-қизлар учун тайёрланган “Сеҳрли китоб” эртак-шоуси намойиши уларнинг китоб мутолаасига бўлган иштиёқини ошириши шубҳасиздир. Эртак шоудаги ҳар бир образ замирида ҳушёрлик ва огоҳлик, зийраклик, довюраклик, мардлик фазилатлари мужассам.

– Эртак ёш томошабинларда унутилмас таассурот қолдирди, деб ўйлайман, – дейди Бахт қуши образи ижрочиси, вилоят мусиқали драма театри ёш актрисаси Гуласал Аҳмедова. – Чунки болаларча ҳаяжон ва тасаввур саҳна безагидан тортиб образларда намоён бўлди. Айниқса, ҳамкасбларим Комила Валиева, Асилбек Аҳмедов, Хуршид Ёқубов ва бошқаларнинг ижросини кичкинтойлар катта қизиқиш билан кузатдилар.

Вилоят мусиқали драма театри ва вилоят қўғирчоқ театрининг маҳоратли актёрлари томонидан саҳналаштирилган ушбу саҳна кўриниши  кун давомида 3-4 сеансдан томошабинларга тақдим этилмоқда.

– Байрам шукуҳи ҳали ҳамон фарзандларимизни тарк этгани йўқ, – дейди ёш оналардан бири Шоира Ҳолмирзаева. – Байрам эртагини болаларим бир неча бор кўришган бўлсада яна томоша завқида келдик. Турли хил мултфильм ва миллий эртак қаҳрамонларининг ҳам эртакда, ҳам болалар даврасидаги иштироки биз катталарни ҳам қувонтириб юборди. Барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман.

Эртак-шоу якунида Қорбобо ва Қорқиз ташриф буюрди. Байрам арчаси атрофида эзгу ниятлар билдирилди. Байрамона қўшиқ ва рақслар ижро этилди.