Ўз бурчига садоқат

Ўзининг фидойи меҳнати билан давлат ва жамият манфаатига хизмат қилган инсонни халқимиз азалдан қадрлаб келган.

Қонунийликни мустаҳкамлаш  ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда мутасадди давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва улар билан бир сафда фуқароларнинг ҳам иштироки борлиги қувонарлидир. Ана шундай фаол ватандошларимизни алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор десак асло адашмаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2015 йил 26 октябрдаги «Қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда фаол иштирок этган фуқаролар ва юридик шахсларни рағбатлантириш тўғрисида»ги 123-сонли буйруғи ана шундай эзгу ишларга асос бўлмоқда.

Ҳаёт тасодифларга тўла. 2018 йилнинг 24 сентябрь санасида Қўштепа туманида бахтсиз ҳодиса рўй берди. Фуқаро Б.Мусаев шу куни соат 00:15 ларда ўз бошқарувидаги “Москвич-412” русумли, 40 О 351 МА давлат белгили автомашинасида турмуш ўртоғи Р.Мусаева, фарзандлари С.Мирзабекова ва М.Мирзабековлар билан Дўрмон – Қоражийда автомобиль йўлидан ҳаракатланиб бораётганида Катта Фарғона каналидан сув олувчи “Дўрмон-5” қувури ёнида каналга тушиб кетган. Оқибатда унинг фарзандлари сув ичида қолиб вафот этган.

Шу ҳудудда тунги хизматни олиб бораётган вақтда воқеа гувоҳи бўлган маҳалла посбонлари сардори Д.Мадраҳимов ўзини каналга ташлаб фуқаро Б.Мусаев ва унинг рафиқаси Р.Мусаеваларнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг 16 июль куни соат 21:00ларда Қўштепа тумани Катта Бешкапа маҳалласи ҳудудида жиноят содир этилган. Шу ҳудуднинг Боғимайдон кўчасида фуқаро А.Асқаров, Х.Йўлдашев, Ж.Абдуллаевлар фуқаро Х.Ёқубовни турли темир жисмлар билан уриб, унга оғир тан жароҳати етказишган.Тунги хизмат вазифасини бажараётган туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М.Қундузов воқеа жойига бориб, Х.Ёқубовнинг туман марказий шифохонасига юборилишини таъминлаган. Ҳодиса жойидан қочиб кетаётган фуқароларни ушлаб, оғир турдаги жиноятнинг фош этилишини таъминлаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Давронбек Мадрахимов ҳамда Муроджон Қундузовга вилоят прокуратураси томонидан  алоҳида хизматлари учун ташаккурнома эълон қилинди.

Халқимизга, ватанимизга садоқат билан хизмат қилаётган, қонунга итоаткорлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олишда фидойилик ва шахсий намуна кўрсатган фуқаролар прокуратура органларининг доимий эътиборидадир.

Отабек АҲРОРОВ,

вилоят прокуратурасининг ташкилий-назорат

ва таҳлилот бўлими бошлиғи.

Суратда: тақдирлаш маросими