Маънавият ва маърифат сабоқлари

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита томонидан Учкўприк туманидаги тиббиёт коллежида Учкўприк ва Ўзбекистон туманларининг 300 нафардан зиёд  имом хатиблар ва уларнинг ноиблари, отинойилар учун бир ҳафталик ўқув семинари ташкил қилинди. Улар 9 та гуруҳга бўлинган ҳолда сабоқ олишяпти. Иштирокчиларнинг машғулотларга ўз вақтида етиб келишларини таъминлаш ва уларга зарур шароитлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон тумани ҳокимлиги томонидан махсус автобуслар ажратилди.

Сўнгги йилларда республикамизда диний-маърифий йўналишларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг мазмун-моҳияти, диний маросимларни ўтказиш тартиби ва бу борада диний идоралар вакиллари ҳамда имом-хатибларнинг вазифалари, отинойиларнинг ижтимоий ҳаётда тутган ўрни ва бу масала юзасидан келиб чиқаётган айрим масалалар семинар давомида ўз ечимини топмоқда.

Замонавий фатволар, соф диний тушунчаларнинг ғаразли мақсадлардан фарқи, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, вазифалари, диний маданият ва бошқа мавзулар юзасидан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ходими Муҳаммад Раҳимхон, Қўқон педагогика институти ўқитувчиси А.Юсупов, дин уламолари ва олимлардан А.Аҳмедов, А.Фармонов. Ж.Жўраев, И.Мирзаев ўз маърузалари билан қатнашмоқдалар.

— Бу ўқув семинари давомида жуда кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда, — дейди Учкўприк тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов. – Ўтаётган ҳар бир машғулотлардан имом-хатиблар, ноиблар ва отинойилар аҳоли ўртасида олиб борадиган фаолияти учун керакли манбаа ва маълумотлар олишмоқда.

Семинар савол-жавоблар ва қизғин баҳс-мунозаралар руҳида, қизиқарли ўтаётгани билан катта аҳамият касб этади.

Қўқон шаҳри ва Данғара тумани имом-хатиблар, ноиблар ва отинойилар учун ташкил қилинган худди шундай ўқув семинарлар 10 январгача давом этади.