Иқтисодий суд: қонун устиворлиги ва қонунчилик тарғиботи

2018 йилда Фарғона вилоятидаги вилоят ва туманлараро иқтисодий судларига ўттиз бир мингга яқин ариза ва даъво аризалари келиб тушди. Уларнинг ҳар бирида бир томон иккинчи томонни зиммасига олган мажбуриятларни бажармасликда айблар ва бундан келиб чиққан моддий зарарни ундиришни талаб қилар ҳамда ўзини ҳақ деб ҳисобларди. Жавобгар ҳам ўз важларини пеш қилиб даъвони тўлиқ ёки қисман бўлсада тан олмасликка ҳаракат қилади.

“Давогар “Қўқон ёғ-мой” АЖ судга даво ариза билан мурожаат этиб, жавобгар “Фарғона озуқа ем таъминоти” МЧЖдан 2016 йил учун ҳисобланган соф даромаддан унинг улушига мос 147 750 000 сўм дивиденд суммасини ва 5 785 427 сўм пеня ундиришни сўраган.

Суднинг 2018 йил 10 май кунидаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар “Фарғона озуқа ем таъминоти” МЧЖ ҳисобидан 2016 йил учун даъвогар “Қўқон ёғ-мой” АЖ фойдасига дивиденд суммаси ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Суднинг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгар апелляция шикояти билан мурожаат қилган. ПҚ-3484га асосан МЧЖ тугатилаётганлиги, биринчи, иккинчи, учинчи навбат бўйича қарздорлик тўланиши лозимлиги, иш ҳақи, солиқлардан қарздорлик борлигини, Низом бўйича даъвогар учинчи навбатда қарзни олиши мумкин бўлишини билдириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган.

Иш ҳужжатларига қараганда, жавобгар – “Фарғона озуқа ем таъминоти” МЧЖ таъсисчиларининг 2016 йил якунлари бўйича 2017 йил 4 сентябр куни ўтказилган навбатдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарорида жамиятнинг 1 970 000 млн. сўм соф фойдасини таъсисчиларнинг улушларига мутаносиб равишда дивиденд тариқасида тақсимлашга, хусусан, даъвогар “Қўқон ёғ-мой” АЖга унинг 7,5 фоиз улуши ҳисобига 147 750 000 сўм дивиденд тўлашга қарор қилган. Лекин жавобгар асоссиз равишда уни тўламай келган.

Даъвогарнинг жавобгардан дивиденд тўловини кечиктирганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 53-моддасига асосан 5 785 427 сўм пеня ундириш талаби асоссиз ҳисобланади, дейилади апелляция инстанциясининг қарорида. Чунки жавобгарнинг мулк шакли МЧЖ бўлиб, фаолияти “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўрисида”ги қонун билан тартибга солиниши кўрсатилган.

Шундай қилиб, суднинг биринчи инстанциядаги, яъни даъвони қисман ундириш қарори ўзгартиришсиз қолдирилган”.

-Тахлиллар шуни кўрсатадики, иқтисодий судга мурожаат қилувчи ёки жавобгарларнинг бир қисмида ҳали ҳуқуқий саводхонлик етарли даражада эмас. Демак вилоят иқтисодий суди даъво аризалари бўйича қонун устиворлигини таъминлабгина қолмай, қонунчилик тарғиботига ҳам алоҳида урғу бермоғи лозим, -дейди вилоят иқтисодий суди раиси Тилаволди Атабаев.

Қонунлар тарғиботининг самарали ва таъсирчан усулларидан бири – даъво аризаларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқишдир. Фарғона вилояти ҳамда туманлараро иқтисодий судлари 2018 йилда даъво аризаларининг йигирма мингга яқинини, ёки 74,8 фоизини сайёр суд мажлисларида ўн минглаб фуқаролар иштирокида кўриб чиқдилар.

-Маҳалламиздаги бир фермер ва таъминотчи ўртасидаги низо сабаб Риштон туманлараро иқтисодий суди ишни шу ерга келиб аҳоли ва қишлоғимиздаги фермерлар иштирокида қўрди,-дейди Зохидон МФЙ фаоли Абубакир Йўлдошев.-Кейин эса даъво моҳияти, жавобгарнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини оддий, ҳаётий мисолларда тушунтириб бердилар. Биз, ҳали ҳатто фермерлик фаолиятига оид қонунларни мукаммал билмас эканмиз. Бизнинг илтимосимизга кўра иқтисодий суд аъзолари қишлоғимизга вақти-вақти билан келиб ҳуқуқий мавзуда сухбатлар ўтказишмоқда.

Дарвоқе, ўтган йилнинг ўзида вилоят иқтисодий судлари судялари томонидан 208 та ана шундай ҳуқуқий тарғибот сухбат-учрашувлари ташкил этилди. 181 марта ОАВларида чиқиш қилинди.

-Суд жараёнларида электрон ва компьютер воситалари қўлланаётгани янгилик эмас. Аммо энди даъво аризаларини ҳам электрон тарзда юбориш тобора оммалашиб бормоқда. Биргина ўтган йили 1975 та ёки жами ишларга нисбатан 8,2 фоиз даъво аризалари электрон тарзда қабул қилинди,-дейди Тилаволди Атабаев