Бағрикенглик намунаси

Инсон ҳаётида билиб-билмай баъзан хатога йўл қўйиши мумкин. Лекин буни тан олиб, пушаймон бўлса, унга яна имкон бериш инсонпарварликнинг ёрқин кўринишидир. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Олтмишдан ошган отадан ош сўрама” ёки “Биринчи марта гуноҳ қилганнинг гуноҳидан ўтинг, иккинчи марта гуноҳ қилганнинг ҳам гуноҳидан ўтинг, учинчи марта гуноҳ қилганни гуноҳига яраша жазоланг”, деган ўгитлари бор. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда халқимизга хос ана шундай инсонпарварлик ва кечиримлилик тамойили ўз аксини топаётгани диққатга сазовордир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, халқимиз йиллар мобайнида амнистия актини кўп эшитиб, афв этиш қўлланганлигининг деярли гувоҳи бўлмаган. Шу маънода маҳкумларни афв этишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинди.

Давлатимиз тарихида илк марта 2017 йил декабрь ойида Бош қомусимизнинг 25 йиллиги муносабати билан афв этишга оид Президент фармони қабул қилинган бўлса, бундай яна бир ҳужжат 2018 йил 12 июнда муборак Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинди. 30 август куни эса “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатлар афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун кўмак беришда муҳим омил бўлмоқда.

Хўш, афв этиш институтининг амнистиядан фарқи нимада? Амнистия актида аниқ бир шахснинг фамилияси, исми-шарифи кўрсатилмай, маълум тоифадаги шахслар (масалан, ёшлар, 60 ёшдан ошганлар, аёллар), одатда ижтимоий хавфли қилмишни биринчи марта содир қилаётганлар, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлар жазодан озод қилиниши ёки унинг муайян қисми камайтирилиши кабилар белгиланади. Яъни аввал жиноятлар тоифасини белгилаб беради, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланади.

Амнистиядан фарқли ўлароқ, афв этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. Яъни шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Бундай ҳолатларда амнистияга тушган айрим кимсалардек жазони ҳис этмасликка ўрин қолмайди.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, баъзи одамлар жазо деганда жиноят содир этган шахсни қийноққа солиш, хўрлашни тушунадилар. Ваҳоланки, жазодан мақсад кимнидир қийноққа солиш, хўрлаш эмас, балки уни тўғри йўлга йўналтиришдир.

Вилоятимизда ҳам 2018 йил 7 декабр кунги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармонига асосан жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 12 нафар шахслар яшаш жойларига етиб келди.

Маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги ижтимоий кўникма марказлари томонидан уларга ҳукумат қарорига асосан  энг кам ойлик иш ҳақининг 6 баробаригача миқдорида маблағ тарқатилди.  Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда уларнинг барчаси тўлиқ малакали тиббий-кўрикдан ўтказилди. Фармонга асосан озод этилган шахслардан 1 нафарини  ногиронлик нафақасига чиқаришга, 2 нафарига ёшга доир  нафақа тайинланишига  кўмаклашилди.  12 нафар фуқароларнинг барчаси фуқаролик паспорти билан таъминланди. 9 нафари ишга жойлаштирилди.

– Барча шаҳар-туманларимизда белгиланган режа ва тадбирлар асосида жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти, – дейди вилоят ижтимоий кўникма маркази бош мутахассиси Баҳромжон Мадумаров. –       2018 йил  давомида жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган  1694 нафар шахслар доимий яшаш жойларига қайтди. Давлатимиз раҳбарининг афв этиш тўғрисидаги Фармонлари доирасида эса вилоятимиз бўйича 64 нафар фуқаролар озодликка чиқди. Уларга моддий ёрдам кўрсатиш, уй шароитини яхшилаш, ишга жойлаштириш, саломатликларини тиклаш, паспорт олиш ва бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бугун кечирилган шахслар жазодан озод этилмоқда. Улар ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишга, жамиятда ўз ўрнини топишига ишонамиз.