Аёлларни эъзозлаган юрт албатта буюк бўлади

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини барчамиз катта ҳаяжон ва зўр қизиқиш билан тингладик. 2019 йилнинг Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили, деб эълон қилиниши эса олдимизда турган улкан вазифаларни амалга оширишда, албатта, муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада айни вақтда ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оила аъзоларини, 16 ёшгача боқувчисини йўқотганларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи доимо эътиборда туриши лозимлигини қайд этди. Умрини ногирон фарзанд парваришига бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа тури жорий этилиши ҳақидаги таклиф эса, чин маънода катта воқеа бўлди. Аслида шунинг ўзи ҳам инсон омили ва ижтимоий ҳимоясига бўлган юксак ғамхўрлик намунасидир.

Шунингдек, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга ёрдам бериш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятимизда ўтган вақт мобайнида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 5 минг 325 нафар хотин-қиз махсус дастур асосида иш билан таъминланди. 154 нафар аёлга Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва вилоят ҳокимлиги томонидан намунавий лойиҳадаги арзон уйларнинг дастлабки тўлови тўлаб берилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитини яхшилаш, қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизларни хусусий тадбиркорликка йўналтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 42 мингдан зиёд хотин-қиз ишга жойлаштирилди. 2 минг 316 нафар хотин-қизга 133 миллиард 780 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди.

Дарҳақиқат, бугун ўзбек аёллари давлат ва жамият ардоғида, эътиборида. Ҳозирги кунда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, опа-сингилларимизнинг оғирини янада енгиллаштириш, уларнинг қобилият ва имкониятини рўёбга чиқариш, лўнда қилиб айтганда, аёллик бахтини бериш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасидаги ишлар ҳам барчамизни мамнун этмоқда.

Албатта, 2019 йилда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилади. Президентимизнинг ҳар бир таклифи ҳаётимизда том маънода тарихий бурилиш ясайди, юртимизда демократия ва эркинлик ғояларининг мустаҳкам қарор топишига, халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш ва Ватанимиз тараққиётига хизмат қилади.

Дилафрўз Қосимова,

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари,

вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.