Рағбат фаолиятимизни юксак даражага кўтаради

Тошлоқ туманида соҳа ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат натижасида келажагимиз ворисларини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси яхшиланиб бормоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида тумандаги 16 та таълим муассасасида қисқа гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 1500 нафарга яқин бола жалб этилишига эришилди.  Чекка ҳудудлардаги 8 та филиалга мустақил боғча мақоми берилди ҳамда 18-мактабгача таълим муассасасида куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этилди. Айни пайтда давлат-хусусий шерикчилик асосида 16 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштириляпти.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 28 февраль кунги “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди,-дейди Тошлоқ туманидаги 16-мактабгача таълим муассасаси мудираси Муҳайё Тошматова. – Бу соҳанинг барча ходимлари учун Халқаро хотин-қизлар байрами олдидан қўшалоқ қувончларни ҳадя этди.  Ҳозирги кунда ушбу масканда 140 нафар ўғил-қизлар тарбияланади. Ҳудуддаги 25 нафар болалар эса қисқа муддатли гуруҳларга жалб этилди. 15 нафар малакали педагог ходимлар рус, инглиз тили, мусиқа, саводхонлик машғулотларини янги пед технологиялар ёрдамида олиб бормоқдалар.