Ватан ичра мўъжаз Ватан

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2019 йил мамлакатмизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” сифатида эълон қилиниб, барча йўналишлар бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Хусусан, кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор шахслар, оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши таъкидланди.

Янги йил байрами арафасида бир гуруҳ имконияти чекланган ҳамюртларимизга Фарғона туманининг Миндонобод массивида бунёд этилган янги уйлар тантанали равишда топширилди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этиб, барчани қўшалоқ байрамлар билан қутлади.

Вилоят фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида байрамона руҳда ўтган тадбирда Марғилон ва Қувасой шаҳри, Тошлоқ, Қўштепа ва Фарғона туманида яшовчи ногиронлиги бор ва кам таъминланган 105 та оила аъзолари Янги йилни ана шундай хурсандчилик билан кутиб олдилар.

Марғилон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Эргашеванинг эътироф этишича, бугунги кунда шаҳарда 378 нафар оғир турмуш шароитида истиқомат қилаётган хотин-қизлар рўйхатга олинган. Айни пайтда уларни уй-жой билан таъминлаш ва ишга жойлаштириш борасида амалий саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Тантанали тадбирда шаҳардаги 10 та оила аъзоларига янги уйлар калитлари, шунингдек, уй-рўзғор буюмлари ва кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини телевизор орқали кўриб, умрини ногирон фарзанди парваришига бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа жорий этиш ҳақидаги таклифини кўзда ёш билан эшитдим,-дейди янги уй соҳибаларидан бири, Қувасой шаҳридаги Юқори Мўян МФЙда яшовчи Муҳаббат Дадажонова. – Фарзандим Турсуной II гуруҳ ногирони ва у доимий парваришга муҳтож. Беш фарзандим ва невараларим билан битта уйда яшаб келаётган эдик. Бундан буён барча замонавий қулайликларга эга янги уйда яшаш имконига эга бўлганимиздан беҳад мамнунмиз.

Шу куни Учкўприк туманида ҳам 104 та оила аъзоларига янги уйлар тантанали равишда топширилиб, қўшалоқ байрамлар шукуҳи вилоятимизнинг Қўқон ҳудуди туманларида яшовчи ҳамюртларимиз оилалари ҳам давом этиши таъминланди.