Янги йилга мўлжалланган инвестиция дастури

Юртимизда инвестиция сиёсати тубдан такомиллашиб бормоқда. Уни амалга ошириш борасида самарали механизмлар ҳаётга татбиқ этиляпти.

Ишлаб чиқаришда рақобатбардошликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида импорт ўрнини босувчи эскпортбоп маҳсулотлар тайёрланишига эришиляпти.

Инвестиция жараёнларини тезлаштириш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида 2018 йилнинг 19 декабрида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бу муҳим ҳужжат фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш, ишлаб чиқаришларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, катта аҳамиятга молик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, бандликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилганлигини таъкидлаш ўринли.

Қарорга мувофиқ, 2019 йилда автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичлар қуриш ва реконструкция қилиш, объектларни жиҳозлаш ва техникалар харид қилишнинг манзилли дастури қабул қилинади, – дейди Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Фарғона вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Алимов. – Келгуси йилда ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасалари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, тиббий, илмий-тадқиқот, умумтаълим ва мактабгача таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Аҳолини тоза ичимлик суви  билан таъминлаш учун бу соҳани ривожлантириш ва канализация тизимларини қуриш, амалдагиларни реконструкция қилиш бўйича ҳам манзилли дастур маъқулланди.

Мазкур ҳужжатда белгиланган манзилли дастурларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати билан хорижий кредитлар, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини жалб қилган ҳолда инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Янги йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, кредитларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган тармоқ ҳамда ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури ҳам ишлаб чиқилади.

Юқоридаги ҳужжат асосида Фарғона вилоятининг ҳам 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастури тасдиқланади.