Президент арчаси – қувончлар дебочаси

Янги йил тантаналарининг шукуҳи ўзгача. Шу боис уни ҳар доим орзиқиб кутамиз. Бунда айниқса, болажонларнинг қувончи чексиз бўлади. Ҳур диёримизда навқирон авлод вакилларига бўлган чексиз эътибор “Президент арчаси” байрам тантаналарида ҳам ўз ифодасини топди.

Вилоят ҳокимлиги, барча дахлдор идора ва ташкилотлар иштирокида 29-30 декабрь кунлари Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида “Президент арчаси” байрам томошалари уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Вилоятимиздаги “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари, эҳтиёжманд оила фарзандлари, боқувчисини йўқотган ўғил-қизларни хушнуд этиш мақсадида барча имкониятлар ишга солинди. Санъат саройи фойесида болажонларни турли хил эртак ва мултфильм қаҳрамонлари қарши олди. Кўркам байрам арчаси атрофида эзгу ниятлар билдирилди.

Байрамнинг жажжи меҳмонларини вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев табриклаб, давлатимиз томонидан болалар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик қилиш доимий вазифалардан бўлиб келаётганини эътироф этди. Ўғил-қизларимиз келгусида юртимизнинг асл фарзандлари бўлиб камол топишларига умид билдирди.

Шу куни вилоят раҳбари иштирокида 970 нафар болажонларга Президентимизнинг байрам совғалари тантанали равишда топширилди.

Янги йил байрами ўзига хос томошалари билан қизиқ. Бу гал ёш томошабинларимиз эътиборига Анвар Абдуллаев муаллифлигида тайёрланган, таниқли режиссёр ва артист Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган “Сеҳрли китоб” эртак-шоуси намойиш этилди. Вилоят қўғирчоқ театрининг маҳоратли актёрлари ўзига хос қиёфаларда намоён бўлишди. Қорбола ва Бахт қуши, сеҳргар оққушлар ва бошқа эртак қаҳрамонларининг мусиқий чиқишлари барчага завқ бағишлади. Болажонлар ёвузликка қарши кураш, эзгуликка интилиш, китобга муҳаббат туйғуларини ушбу эртак орқали яна бир бор англаб етдилар.

– Жудаям ажойиб совғаларга эга бўлим. Президентимизга катта раҳмат! Келгусида аъло баҳоларга ўқиб, устозларим ишончини оқлашга ҳаракат қиламан, – дейди Марғилон шаҳридаги 1-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Шохруҳ Мамажонов. – Қорбобо ва Қорқиз ташрифи, “Сеҳрли китоб” эртаги менда ёрқин таассурот қолдирди. Тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Тадбирда Фарғона шаҳар марказий маданият уйининг “Сольнишко” болалар ансамбли ёш истеъдодлари томонидан байрамона қўшиқ ва рақслар ижро этилди.