Халқ депутатлари вилоят, шаҳар-туман Кенгашларининг қўшма сессияси

Шу йилнинг 26 декабрь куни вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари вилоят, шаҳар-туман Кенгашларининг қирқинчи қўшма сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоятдаги тўртта сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, гуруҳ раҳбарлари ва котибият мудирлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар-туман ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, шаҳар-туман давлат солиқ инспекцияси, молия ва ғазначилик бўлимлари бошлиқлари, халқ депутатлари шаҳар-туман Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия ишини вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Ғаниев бошқариб борди.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров иштирок этди ва сўзга чиқди.

Кун тартибидаги биринчи масала – 2018 йилги бюджет ижросининг кутилаётган натижалари ва 2019 йилги вилоят бюджети лойиҳаси ҳамда 2020-2021 йилларга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари тўғрисида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Умиджон Мирзаевнинг маърузаси тингланди.

Таъкидлаб ўтилганидек, йил якунлари бўйича вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиши 5,5 фоиз, инфляция даражаси 16,8 фоиз бўлиши кутилмоқда. 2018 йилда вилоят бюджетининг даромадлари барча солиқ турлари бўйича 2017 йилга нисбатан 35 фоизга ортиғи билан, яъни 2 триллион 847 миллиард сўмга бажарилиши кутиляпти. Давлат бюджетига даромад тушумлари прогноз кўрсаткичларининг ошириб бажарилиши маҳаллий ҳокимият органларининг бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлигини ошириш, солиқ базасини кенгайтириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ислоҳ қилиш ва валюта бозорини либераллаштириш бўйича қабул қилинган ислоҳотлар самарасидир.

2018 йилда маҳаллий бюджетлар тузилмаси ўзгартирилиб, маҳаллий ҳокимликларнинг бюджет ваколатлари оширилди. Хусусан, жорий йилда маҳаллий молия ва солиқ идоралари фаолиятига боғлиқ бўлган даромад турлари тўлиғича маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди. Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар прогнозидан ортиқча қисмини юқори бюджетга олиб қўйиш қатъиян тақиқланиб, аксинча республика бюджети даромадлари прогнозидан ортиқча тушган маблағларнинг бир қисми тегишли ҳудудларга қайта йўналтирилмоқда. 2018 йил якунларига кўра маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 211,4 млрд. сўмдан қўпроқ қўшимча даромадлар қолдирилиши кутилмоқда.

Сессияда эътироф этилганидек, бюджет тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида 2019 йилдан бошлаб туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашрида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниши, 2019 йил 1 январдан Молия вазирлигида “Очиқ бюджет” ахборот порталининг ишга туширилиши каби тадбирлар белгиланган.

Янги йилдан ҳаётга татбиқ этилаётган кўплаб янгилик ва ўзгаришларни инобатга олган ҳолда 2019 йил учун вилоят маҳаллий бюджетининг жами харажатларини 4 трлн. 38 млрд. сўм миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда. Вилоят маҳаллий бюджетида ижтимоий соҳага жами харажатларнинг 87,6 фоизи (3 трлн. 535,7 млрд. сўм), таълим харажатларига 2 трлн. 163 млрд. сўм (2018 йилга нисбатан 137 фоизга кўп), мактабгача таълим соҳасига 469,4 млрд. сўм (ўтган йилга нисбатан 127 фоизга кўп), соғлиқни сақлаш соҳасига 1 трлн. 111,6 млрд. сўм (2018 йилга нисбатан 133,2 баробар ортиқ) маблағ йўналтириш кўзда тутилаётгани эътиборга лойиқ.

Умуман олганда, 2019 йилги бюджет параметрларида ойлик ва унга тенглаштирилган тўловлар учун қўшимча 2 трлн. 993,1 млрд. сўм йўналтириш натижасида ушбу харажатларнинг маҳаллий бюджет харажатларидаги улуши 65 фоиздан 74 фоизга етади.

Шу тариқа вилоят бюджети даромадлари 2018 йилга нисбатан 156 фоиз ўсиш билан белгиланмоқда.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Фарғона вилояти ҳокимининг “Ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақида”ги ҳисоботи эшитилди. Сессияда мазкур масала юзасидан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ахбороти тингланди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан кейинги икки йилда 90 та қонун ҳамда 2 мингдан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларни тизимли равишда ижросини таъминлаш юзасидан вилоятимизда ҳам аниқ мақсадларга йўналтирилган амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда,-деди вилоят раҳбари. – 2017-2018 йилларда Президент Администрацияси, вазирлик ва қўмиталар, жамоат ташкилотлари масъул раҳбарларидан иборат  республика ишчи гуруҳи, вилоят бошқармалари, ҳокимликлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида 19 та шаҳар-тумандаги 737 мингта хонадонлар ўрганилди. 19 та ҳудуд бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 8 та қарорлари қабул қилинди. Айни пайтда вилоятдаги 4 та сектор раҳбарлари бошчилигида муаммолар, амалий таклиф ва ташаббуслар ижросини таъминлаш борасида изчил ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида ижтимоий соҳалар ривожи, хусусан, таълим тизимига жиддий эътибор қаратиляпти. Якунига етиб бораётган йилда вилоятимизда мактабгача таълим тизимига қамров кўрсаткичи 33,4 фоиздан 44 фоизга етказилди. 2019 йилда бу кўрсаткични 56 фоизга етказиш ҳамда 2017 йилга нисбатан болаларни боғчага қамраб олиш даражасини 2 баробарга ортиши режалаштирилган. Бу борада Сўх тумани, Фарғона туманининг Шоҳимардон қишлоқларигача бўлган ҳудудда янги давлат мактабгача таълим муассасалари қуриш, реконструкция қилиш, давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосидаги ишлар кўламини янада ривожлантириш кўзда тутилган.

2018 йилда 54,1 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобига вилоятдаги 32 та умумтаълим мактабларида реконструкция, макаммал таъмирлаш ҳамда 117 та мактабда 17,3 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш тизимида 39,7 млрд. сўм маблағ эвазига 24 та даволаш-профилактика муассасалари қурилди ва реконструкция қилинди. 283 та қишлоқ врачлик пунктлари умумлаштирилиб, 89 та оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Бугунги кунда аҳолига 222 та бирламчи тиббий санитария муассасалари томонидан хизмат кўрсатилиб, 262 та тез тиббий ёрдам автомашиналари ва 191 та ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди. 108 та лойиҳалар амалга оширилиб, 78 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди ҳамда 30 тасининг фаолияти кенгайтирилди. Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Белоруссия, Германия сингари мамлакатлардан мутахассислар жалб этилган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Вилоятда электр таъминотини яхшилаш мақсадида 691,1 км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 198 дона трансформатор пунктлари янгидан қурилиб, 54,3 млрд. сўм маблағ сарфланди. 1075 км узунликдаги автомобиль йўлларида 236,5 млрд. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ҳаётий масалаларни ҳал этишда давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилдан бошлаб вилоят бюджетига қолдирилаётган даромадлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 2018 йилда маҳаллий бюджет даромадларига белгиланган 2,3 трлн. сўм тушум прогнозига 550 млрд. сўм қўшимча маблағ туширилди. 2019-2020 йилларда вилоятимизда ичимлик суви таъминотини яхшилашга 302 млрд. сўм маблағ ажратилиб, 344 км ичимлик суви тармоқларини тортиш ва 20 та сув олиш иншоотларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Бунинг ҳисобига ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 79,6 фоиздан 83 фоизга етказилишига эришилади.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 68 та қишлоқ ва маҳаллаларда 246 млрд. сўмлик ишлар бажарилди. 2 минг 700 та намунавий уй-жойлар, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида 14 та 600 хонадонли турар-жой бинолари қурилиб, 3300 та оила ўз уйларига эга бўлиши таъминланди. “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дстури доирасида 271 та лойиҳаларга 31,7 млрд. сўм кредитлар ажартилди. 39 та “Ёшлар меҳнат гузари” ҳамда 19 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг марказлари ташкил этилди.

Аммо бугунги кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида вилоят ҳокими ҳисоботида таъкидлаб ўтилганидек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан олиб борилаётган назорат-таҳлил фаолияти етарли эмас. Депутатлар томонидан ҳудудларни ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган дастурлар ва уларнинг ижроси юзасидан етарлича депутатлик назорати ўрнатилмаяпти. Депутатлар, депутатлик гуруҳлари томонидан сессия муҳокамасига киритилаётган масалаларни кўриб чиқиш, шу асосда таклиф киритишда фаоллик етишмаяпти. Шу боис ҳисоботда вилоятни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Биринчи навбатда саноатни таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, модернизациялаш ва технологик янгилашни таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида жорий йилда вилоят делегациялари Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Белоруссия, Латвия ва Россия давлатларидан қарийб 1,1 млрд. доллар миқдорида инвестициялар киритиш юзасидан тузилган меморандум ва келишувларни изчиллик билан амалга ошириш чораларини кўриш лозим.

Туристик инфратузилмани ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида сайёҳлар оқими 2,1 баробарга оширилишига эришилди. Вилоятимизга сайёҳлар ташрифини кўпайтириш мақсадида ҳозирда Фарғона туманининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларида 40 дан ортиқ дам олиш масканлари негизида экотуристик ХАП ташкил этиш ишлари олиб бориляпти. Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали ҳамда “Аския” базми, Риштон туманида “Ўзбек миллий таомлари ва кулолчилик”, Қўқон шаҳрида кейинги йили илк маротаба ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалини доимий анъанага айлантириш устувор вазифаларимиз сирасига киритилган.

Сессияда кун тартибига киритилган ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, вилоят ҳокимининг 2018 йил 27 октябрь кунги қарори билан вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари этиб тайинланган Жалолдин Таштемиров, вилоят ҳокимининг 2018 йил 10 декабрь кунги қарорига асосан вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланган Дилафруз Касимова сессия иштирокчиларига таништирилди. Вилоят ҳокимининг мазкур қарорлари депутатлар томонидан тасдиқланди.

Сессияда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.