Энг фаол ва ташаббускор тадбиркорлар тақдирланди

Айни кунларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти ривожи учун жаҳон андозалари даражасида энг замонавий шарт-шароитлар яратилиб, инновацион ғоялар, илм-фан ютуқларини амалиётга кенг жорий этаётган фаол ҳамда ташаббускор тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда.

Шу боис бугунги кунда ҳамюртларимизнинг обод турмуш, фаровон ҳаётга бўлган иштиёқ ва рағбати ошиб, ҳар жабҳада тадбиркорлик салоҳияти яққол намоён бўлмоқда.

Ҳозирги кунда тадбиркорларимизнинг эртанги кун истиқболи билан боғлиқ бизнес-режалари, орзу-мақсадлари бутунлай бошқача – янги, инновацион ва ҳаётбахшдир. Бунинг учун эса юртимизда ҳуқуқий ва иқтисодий асос – адолат ва қонун устуворлиги тамойили бош мезон бўлган мустаҳкам пойдевор яратиляпти.

Бу борада вилоятимизда ҳам ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорларни кенг жалб этиш, инновацион ғоялар ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш турган объектлар, ер участкалари ва бошқа инфратузилмалардан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратиляпти. Вилоятимизда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда чет эллик инвесторларни жалб этиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар ҳам эътиборга сазовордир.

Шу йилнинг 26 декабрь куни Фарғона шаҳридаги “Жасмин” тантаналар мажмуасида “FERGANA BUSINESS AWARDS – 2018” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятимизда илк маротаба ўтказилган тантанали тадбирда 16 та номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди ва вилоят ҳокимлиги томонидан муносиб равишда тақдирланди.

Шу тариқа “Йилнинг энг фаол инвестори”, “Йилнинг хорижий инвестиция иштирокидаги энг яхши корхонаси”, “Йилнинг энг яхши экспортёр корхонаси”, “Йилнинг энг намунали солиқ тўловчиси”, “Йилнинг энг яхши иш берувчи корхонаси”, “Йилнинг энг яхши менежери”, “Йилнинг энг фаол ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг муҳим самарали лойиҳаси”, “Йилнинг энг яхши инновацион лойиҳаси”, “Йилнинг энг фаол йирик саноат корхонаси”, “Йилнинг энг яхши туристик лойиҳаси”, “Йилнинг энг сифатли меҳмонхона хизмати”, “Йилнинг энг замонавий қишлоқ хўжалиги лойиҳаси”, “Йилнинг энг яхши ва энг фаол тадбиркор аёли”, “Йилнинг янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирган корхонаси”, “Йилнинг энг яхши маҳаллий инвестори” каби номинацияларда энг фаол ва ташаббускор тадбиркорлар рағбатлантирилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоятимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида умумий қиймати 2 триллион 700 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 461 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда тижорат банклари томонидан 1 триллион 104 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Хорижий инвестициялар ҳисобидан 64,2 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилди. Ўз навбатида мазкур лойиҳаларга ташаббускор тадбиркорларнинг 1 триллион 103 миллиард сўм маблағлари йўналтирилди.

2018 йил давомида вилоятимизда 70 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона рўйхатдан ўтиб фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 49 таси қўшма корхона ҳамда 21 таси хорижий корхона мақомига эга. Корхоналар асосан Хитой (11), Россия (9), Туркия (9), Жанубий Корея (6) мамлакатлари нуфузли компаниялари инвестицияси иштирокида ташкил этилди.

Вилоятимизда импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳаётга кенг татбиқ этилаётганини фахр билан таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Бу борадаги лойиҳалар қўллаб-қувватланиши натижасида Қўқон шаҳрида “Adan TextiIe” МЧЖда болалар ва спорт сумкалари ишлаб чиқариш, Учкўприк туманидаги “Қақир саноат инвест” МЧЖда трикотаж мато ишлаб чиқариш ва бўяш, “Zunnur servis farm” МЧЖда турли хил дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш, Данғара туманидаги “Dangara mega cattIe” МЧЖда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Қўқон” эркин-иқтисодий зонасида “AdmiraI group” МЧЖ томонидан қиймати 6,4 миллиард сўм бўлган йилига 35 минг тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга кўплаб корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Илм-фан ютуқлари, илғор ва инновацион технологиялар асосида ташкил этилаётган иссиқхоналарда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари вилоятимизда йилнинг тўрт фаслида ҳам нарх-наво мўътадиллигини таъминлаш ҳамда мева-сабзавотларимизни хорижга экспорт қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Мисол учун, Данғара туманидаги “Зимний сад” МЧЖ томонидан қиймати 8 миллиард сўмга тенг маблағ ўзлаштирилиб, 5,5 гектар ер майдонида замонавий гидропоника усулида иссиқхона ташкил этилиши орқали қарийб 20 та янги иш ўрни яратилди.

Гидропоника усули нафақат ҳосил сифати ва салмоғини ошириш, балки экспорт имкониятларини кенгайтириши туфайли даромад ҳажмини бир неча баробарга кўпайтириши билан ҳақиқатдан ҳам инновацион ғоядир,-дейди “Йилнинг энг замонавий қишлоқ хўжалиги лойиҳаси” номинацияси бўйича тақдирланган Данғара туманидаги “Зимний сад” МЧЖ раҳбари Румия Хайбуллаева. – Келгусида фаолият кўламини янада кенгайтириш учун бир неча истиқболли лойиҳаларимиз бор. Вилоятда тадбиркорлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш салмоғини йилдан-йилга ошириб боришни режалаштирганмиз.

Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Туркия, Озарбойжон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг мамлакатимиздаги дипломатик корпуси вакиллари қатнашиб, ғолибларни самимий муборакбод этишди.

1. “Йилнинг энг фаол инвестори” – “Fargona Yasin quriIish mollari” МЧЖ ҚК. Раҳбари Сю Деминг (Хитой), Эркинжон Маҳмудов.

2. “Йилнинг хорижий инвестиция иштирокидаги энг яхши яхши корхонаси” – “Shaffof Metan Sanoat” МЧЖ. Раҳбари Улуғбек Тошматов.

3. “Йилнинг энг яхши экспортёр корхонаси” – “Nurli tong silk” МЧЖ. Раҳбари Муҳсинжон Қосимов.

4. “Йилнинг энг намунали солиқ тўловчиси” – “”Экспо коллор принтекс” МЧЖ ҚК. Раҳбари Абдуқаҳҳор Жўрабоев.

5. “Йилнинг энг яхши иш берувчи корхонаси” – “Narimteks” МЧЖ ҚК. Раҳбари Наргиза Аминова.

6. “Йилнинг энг яхши бошқарувчи/менежери” – “Indorama Kokand Textile” МЧЖ ҚК. Раҳбари Равшан Тожиев.

7. “Йилнинг энг фаол ёш тадбиркори” – “Dentimo Medical” ХК. Раҳбари Сардор Каримов.

8. “Йилнинг энг муҳим самарали лойиҳаси” – “Admiral Group” МЧЖ. Раҳбари Шавкат Юнусов.

9. “Йилнинг энг яхши инновацион лойиҳаси” – “Silver Oil” МЧЖ ҚК. Раҳбари Силвер Хабибуллаев.

10. “Йилнинг янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирган корхонаси” – “Winchemikal” МЧЖ ҚК. Раҳбари Аброр Ҳожиболаев.

11. “Йилнинг энг фаол йирик саноат корхонаси” – “Кварц” АЖ. Раҳбари Акмалжон Пўлатов.

12. “Йилнинг энг яхши туристик лойиҳаси” – “Меҳригиё” кичик корхонаси. Раҳбари Алижон Абдураззоқов.

13. “Йилнинг энг сифатли меҳмонхона хизмати” – “Ferghana Golden valley service” ХК. Раҳбари Дилшод Мирзаев.

14. “Йилнинг энг замонавий қишлоқ хўжалиги лойиҳаси” – “Зимний Сад” МЧЖ. Раҳбари Румия Хайбуллаева.

15. “Йилнинг энг яхши ва энг фаол тадбиркор аёли” – “Ayubxon Tekstil” МЧЖ. Раҳбари Дилшода Усмонова. “Ибратли Бека” ўқув маркази. Раҳбари Шаҳноза Ғаниева.

16. “Йилнинг энг яхши маҳаллий инвестори” – “Қувасой таъмир қурилиш” МЧЖ. Раҳбари Мўминжон Юлдашев.

Тантанали тадбирда вилоятимиз санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.