“Президент арчаси” тадбирлари

Вилоятимизда янги йил байрамига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ўтказиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш юзасидан барча дахлдор идора ва ташкилотлар иштирокида бир қатор чора-тадбирлар ишга солинди.

Айни кунларда туман, шаҳарлар марказий кўчалари ва тадбирлар ўтказиладиган масканлар атрофи янги йил байрамига мос равишда безатилиб, ободонлаштириш ишлари ташкил қилинган. “Президент арчаси” тадбирлари муносабати билан байрамолди юмушлари сифатли адо этилди. Совғалар тасдиқланган режага асосан тез кунларда болажонларга туҳфа қилинади.

Янги йил олдидан кичкинтойларга хушнудлик улашиш мақсадида вилоят қўғирчоқ театри ижодкорлари ҳам янги спектакл намойишини бошладилар. 18 декабрдан бошлаб театрда эҳтиёжманд оилалар, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари  эътиборига Инъомжон Турсунов қаламига мансуб “Вақт соати” деб номланган саҳна кўриниши ҳавола этилмоқда. Қолаверса, вилоятимиз шаҳар-туманларида ҳам театр ижодкорларининг ушбу спектакли ўғил-қизларга манзур бўляпти. Қўқон шаҳри атрофидаги туманларда истиқомат қилувчи 600 нафар болалар эса ҳар куни Фарғона шаҳридаги Офицерлар уйи саҳнасида байрам томошасидан баҳраманд бўлишяпти.

– Янги йил байрамига бағишланган тадбирларимизга ҳар галгидан кўпроқ томошабинлар ташриф буюришяпти, – дейди вилоят қўғирчоқ театри мутахассиси, байрамнинг ташкилотчи раҳбари Таваккалжон Султонов. – 29-30 декабрь кунлари асосий тадбирларимиз бошланади. Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида Анвар Абдуллаев муаллифлигида тайёрланган “Сеҳрли китоб” эртак-шоусини намойиш этишни кўзда тутганмиз. Ҳар иккала томошамизни таниқли режиссёр ва артист Сайфиддин Мелиев саҳналаштирди. Қизғин жараёнда 100 нафарга яқин ижодкор, актёрларимиз астойдил меҳнат қилишяпти. Ўйлаймизки, янги йил байрами ёш томошабинларимизда ёрқин таассурот қолдиради.

Вилоят Театр-концерт саройида бўлиб ўтадиган эртак-шоуга 930 нафар ўғил-қизлар ташриф буюриши кутиляпти. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва байрамда иштирок этиши учун вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Байрам тадбирлари, эртак қаҳрамонлари билан учрашувлар 2-10 январь кунлари давомида ҳам кичкинтойларга хушнудлик улашади. Шунингдек, Фарғона шаҳар марказий маданият уйининг “Сольнишко” болалар ансамбли ёш истеъдодлари томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилади.

Фарғона шаҳри ҳамда шаҳар-туман марказларида байрам арчалари безатилиб, турли атракционлар юртдошларимизга сифатли хизмат кўрсатмоқда.