Маҳаллам – менинг тақдиримда

Фарғона шаҳридаги “Кимёгар” маданият уйида “Маҳаллам — менинг тақдиримда”  кўрик — танловининг  вилоят босқичи  ғолиблари аниқланди.

Танлов даставвалида маҳалла фуқаролар йиғинларидаги тадбиркорлик тармоқлари, оилавий ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.

Уч шарт асосида баҳсга киришган ёшлар ўз маҳалллари тарихи, бугуни ва эртанги куни ҳақида замонавий кўргазмали воситалар ёрдамида маълумот бердилар. Иккинчи шартда эса эркин мавзуда ҳозиржавоблик, топқирлик борасидаги билим ва кўникмалари намоён бўлди. Иншолар танловида эса жамоа аъзолари фикр мулоҳазаларини ёзма баён этдилар.

Танлов якунига кўра, биринчи ўрин Фарғона шаҳридаги Аҳмад аль-Фарғоний номли маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ворислар” жамоасига насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Марғилон  шаҳридаги “Янги боғ”  МФЙнинг “Истиқлол қалдирғочлари” ва Қўштепа туманидаги “Шакар” МФЙнинг “Иқтидор” жамоалари лойиқ топилди.

– Танлов муросасиз, баҳсларга бой бўлди, – дейди ғолиб жамао аъзоси Мадина Мўйдинжонова. –  Қолаверса, ёш маҳалладошларимиз ўртасида кечган баҳсларда ўзаро дўстлик алоқаларини боғлаб,  билим кўникмаларимизни янада шакллантириш имконига эга бўлдик.

Танлов ғолиб ва совриндорлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Расул КАМОЛ.