Янги завод қурилишида

Мамлакатимизда, вилоятимизда ва туманимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастурлари ижросини таъминлаш билан бирга, янги корхона ва объектлар барпо этиш орқали аҳоли бандлигини кучайтиришга катта эътибор берилмоқда, – дейди Ўзбекистон тумани ҳокими Қаҳрамон Жўраев. – Буни Тагоб қишлоғи ҳудудида қад кўтараётган “TURON ECO CEMENT GROUP” МЧЖ мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Янги корхона қурилишида 300 нафардан ортиқ ишчи ва мутахассислар меҳнат қилишяпти, – дейди заводнинг ижрочи директори Авазхон Турдиев. –10 гектар майдонни эгаллайдиган янги объектни барпо этишда Хитой халқ Республикасидан келган малакали мутахассислар ҳам иштирок этмоқдалар. Бу ерда Хитойнинг “HENAN DAZHOU MACHINERY EQUIPMENT” Co.LTD компаниясидан келтирилган замонавий машина, ускуна ва жиҳозлар ўрнатилмоқда. Заводда юқори маркали портланд цемент (М–400 маркали) ишлаб чиқарилиши ҳисобга олиниб, барча технологик жараёнлар мукаммал бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қурилиш ишларини жадаллаштириш ва янги корхонани 2019 йилнинг II-чорагида фойдаланишга топшириш мақсадида бунёдкорларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш ва уларни рағбатлантириш масаласига жиддий эътибор берилмоқда.

Лойиҳа бўйича корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 600 минг тонна цемент тайёрлашга мўлжалланган, – дейди жамият таъсисчиси Олимхон Аҳмедов. – Бунинг учун 600 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирдан муносиб ишчи ва мутахассислар тайёрлашга астойдил киришилди. Дастурда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 26 млн. АҚШ долларлик миқдорини Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган. Айни пайтда объектни тезроқ ишга тушириш учун ўзимизнинг 25 млрд.сўм, “Алоқа банк”нинг 90 млрд.сўм кредит маблағларидан унумли фойдаланиш, бунёдкорларни ҳар куни 3 маҳал иссиқ овқат ва бепул автотранспорт хизмати билан таъминлаш изчил йўлга қўйилган.

Қурувчиларнинг ойлик маошлари, рағбатлантирувчи совға ва мукофот пуллари ўз вақтида бериб борилмоқда.

Янги завод ишга туширилгач, цемент тайёрлаш комплекси янада кенгаяди. Ҳозирги вақтда Шўрсув шаҳарчасида жамиятга қарашли йилига 100 минг тонна цемент ва шунча миқдорда евро гипс ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Янги объект ва ана шу корхоналарда меҳнат қилувчилар сони қарийб минг нафарга етказилади.

Дониёр ЭРГАШЕВ.