Дунё миқёсида эътирофга сазовор мерос

Она Ватанимиз ҳудудида жойлашган, узоқ йиллик тарихга эга бўлган моддий маданий мерос объектлари халқимизнинг умуммиллий бойлиги саналади.

Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, маҳаллий туризмни ривожлантириш, шунинг баробарида халқимиз, ўсиб келаётган ёш авлод онгида аждодларимиз меросига ҳурмат ва эътибор туйғуларини шакллантиришда моддий маданий мерос объектларининг аҳамияти беқиёс.

Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, ноёблигини сақлаш, мазкур соҳада амалий тадқиқотлар ўтказиш, туризмни ривожлантиришдаги аҳамиятини юксалтиришга қаратилгандир.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ташкил этилиши белгиланган бўлиб, департамент мазкур соҳага оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Археология тадқиқотларини амалга ошириш жараёнида ўша ҳудуднинг тарихий-маданий муҳити ва ўзига хослигини сақлаб қолиш жуда муҳим. Шу билан бирга археология ёдгорлигини консервациялаш ҳамда музейлаштириш, соҳага инновацион ва илғор ахборот коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш департаментнинг асосий вазифаларига киради.

Қарорга мувофиқ 2019-2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”нинг тасдиқланиши, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасининг ташкил этилиши моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асрашга доир ишларни амалга оширишга, соҳа фаолиятини янада мустаҳкамлашга имкон яратади.

-Вилоятимизда 376 та моддий маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос тарих, услуб ва кўринишга эга, асори атиқаларга бойлиги билан дунё сайёҳларини ҳам мафтун этиб келади, -дейди Фарғона ва Наманган вилояти бўйича минтақалараро маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат инспекцияси бўлим бошлиғи Бахтиёржон Қирғизов.- Президентимизнинг мазкур қарори ана шу моддий маданий мерос объектларида археологик тадқиқотлар олиб бориш, турли сабаблар билан уларнинг тарихий-меъморий қиёфасига путур етказмаслик,  музейларни экспонатлар билан бойитиш, маҳаллий ва хорижий туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек қарорда “Қўқон” давлат музей-қўриқхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифнинг маъқулланганлиги қайд этилган.

Маълумки Қўқон шаҳри ўзининг меъморий обидалари билан довруғ қозонган. Х!Х асрнинг муҳташам обидаларидан бири Худоёрхон ўрдаси Туркистон заминида сақланиб қолган учта сарой мажмуаларидан биридир. Биринчиси Хивадаги “Тошҳовли” саройи, иккинчиси Бухоро “Арки”, учинчиси Худоёрхон ўрдаси.

“Даҳмаи шоҳон” хазираси Қўқон хонларининг хилхонаси бўлиб, бу ердаги Қўқон хонлари сулоласининг мақбаралари улкан эътиборга моликдир. Ҳўқанди латифда жойлашган Чинбирлик азиз, Кокиллик эшон, Шайх Мавлавий Жабалий, Модарихон, Авлиё ота ва бошқа бир нечта зиёратгоҳлар ҳам Фарғона тарихи ва маданиятида ўчмас излар қолдирган.

Эндиликда ушбу обидалар юртимизда зиёрат туризмини ривожланишига ҳисса қўшади.  Шу ўринда таъкидлаш жойизки, вилоятимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари борасида муаммолар ҳам мавжуд. Баъзи зиёратгоҳлар ҳудудига коллекторлар қуриш, зах сувларни қочириш керак. Қадимий обидалар асосан гумбаз кўринишида барпо этилган. Уларни реставрация қилиш, таъмирлаш, пештоқларини безаш ишларига устазодалар, ислимий наққошлар, ҳаттотларни излаб топиб бу юмушларга жалб қилиш зарур.

Қува туманидаги Қубо шаҳристони ҳам эрамиздан аввалги XII асрга оид археологик ёдгорлик саналади. Тамаддун марказларидан бири саналган бу ёдгорликнинг асори-атиқалари тадқиқотчилар диққат эътиборида турибди.

Ўзбекистон Республикасининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунида маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органларига алоҳида вазифалар юклатилган.

Қарорда ҳам белгилаб қўйилганки, фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан моддий маданий  мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари  ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.

Бу эса ҳар бир фуқарода моддий маданий мерос объектларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, назорат қилиш,  асрлардан-асрларга ўтиб келаётган миллий меросимизни келажак авлодларга безавол етказиш, илмий татқиқотлар олиб олиб бориш асносида Ватанимиз тарихини чуқур ўрганиш, моддий маданий меросимиз намуналари билан дунё сайёҳларини таништириш каби вазифаларни адо этиш масъулиятини уйғотади.