Ююқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги  “Юқумли бўлмаган  касалликларнинг  профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади.

Жамиятда соғлом муҳит барқарорлашуви, ёшларнинг жисмонан бақувват ва зарарли одатлар таъсирисиз вояга етишлари оилаларда бу борада муаммолар бўлмаслигини таъминлашга қаратилган замонавий  профилактик тадбирларни амалиётга татбиқ этиш ва жадаллаштиришни талаб этади.

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси директор ўринбосари  Шаҳноза Мамурова билан суҳбатлашганимизда  қарорнинг моҳияти ҳақида шундай деди:

Қарорда кўзда тутилган  вазифалар долзарблиги билан аҳамиятлидир.  Аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданият даражасини юксалтириш,  зарарли одатларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олишда янада фидокорлик билан меҳнат қилишга ундайди. Қарор ижроси нафақат тиббиёт муассасалари балки барча соҳа вакиллари зиммасига залворли масъулият юклайди.  Чунки ҳар бир ташкилотда соғлом муҳит яратилиши, ходимлар саломатликнинг олтин меъёрларига риоя қилишлари ва бу тамойилларни ўз оиласида қўллашлари самаралидир. Соғлом турмуш тарзи – юрак қон томир, онкологик, асаб, ошқозон-ичак,  ўпканинг носпецифик  касалликларини олдини олишда ва улар сабабли келиб чиқадиган ўлим ҳолларини камайтиришда етакчи рол ўйнайди.

Спорт билан шуғулланмаслик, камҳаракатлилик, соғлом турмуш қоидаларига риоя қилмаслик, нотўғри овқатланиш каби биз беписандлик билан қараётган салбий одатлар  барча касалликларнинг дебочаси саналади.  Ҳозир иқтисодий ривожланган  давлатларда ҳар иккинчи  одам ўтириб ишлайдиган  ҳаёт тарзини олиб боради.  Бу  ҳолат  катта ёшли шахсларда кўпаймоқда. Кам ҳаракатлилик семизлик, организмдаги алмашинув жараёнинининг бузилиши, ўз навбатида касалликларнинг тарқалишига  олиб келмоқда.  Жисмоний фаоллик натижасида  юрак қон томир  хасталиклари камайиши  ва  атеросклерознинг олди олинганлиги илмий исботланган. Саломатликни мустаҳкамлашда оммавий спорт ҳаракатини   тиббиёт профилактикаси билан уйғунлаштириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ҳаёт сифатининг бузғунчиси бўлган алкаголизм, гиёҳвандлик, кашандаликдан сақланиш муҳим.  Бу жиҳатларга қарши курашиш инсоннинг нафақат жисмоний балки руҳий ва маънавий  камолоти учун зарурдир.

Институтнинг  мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказаётган тадбирлари ҳам мазкур мақсадларга хизмат қилади.  Барча шаҳар ва туманларда режа асосида “Соғлом ҳаёт сари” дастури борасида “Тамакисиз муҳитни яратайлик!” шиори остида тамакига қарши кураш ахборот-таълим компанияси бўлиб ўтди. Вилоятимизда тамакисиз муҳитни яратиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ташкилот ва муассасалар, жамоат транспортлари ҳамда таълим ва спорт муассасалари ҳудуди, чакана савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналарида тамакисиз муҳит яратиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Семинарлар давомида  мамлакатимизда тамаки маҳсулоти истеъмолини камайтиришга қаратилган хуқуқий асослар, аҳоли ўртасида тамаки истеъмоли билан боғлиқ барвақт ўлим кўрсаткичлари  ҳақида тушунчалар берилди. Аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида “Тамакисиз муҳит яратайлик!” баннерлари ҳар бир туман ва шаҳарларнинг марказий, гавжум кўчаларига жойлаштирилди. Жами тарқатилган 2091 та плакатларнинг  1085 таси  маҳалла фуқаролар йиғинлари ва 654 таси таълим муассасалари (мактаб, лицей, коллеж) бинолари, 352 таси бошқа муассасаларнинг кўринадиган жойларига ўрнатилди.  Ҳудудлардаги  тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли тиббиёт пунктларида “Соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик” мавзусида  тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.