Самарали ҳамкорликка қадам

Жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро Форумда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни юксалтириш борасида маълум ҳужжатлар имзоланган эди.

Ушбу Форумда Фарғона вилояти ҳокимлиги делегацияси ҳам қатнашди. Россия  Федерациясининг бир нечта вилоятлари ва Фарғона вилояти ўртасида дўстлик, ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, қардошлик битимлари тузилди.

Жорий йилнинг 4-9 декабрь кунлари вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги вилоят делегацияси Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси ва Оренбург вилоятларида сафарда бўлди.

5 декабрь куни делегация аъзолари Уфа шаҳридаги «Индустриалпарк»да бўлиб, «Kronospan-Башкортостан» корхонаси фаолияти билан танишдилар.«Kronospan-Башкортостан» индустриал парки бошқарувчи-директори А.Пензин билан суҳбатда корхона фаолияти ҳақида маълумот беришини сўраймиз:

2010 йилда Республика ҳукумати томонидан тараққиёт корпорацияси ташкил топган. Бир йилдан сўнг йирик инвестор «Kronospan-Башкортостан» компанияси пайдо бўлди. Бу Европада йирик ёғочга ишлов берувчи завод ҳисобланади, жаҳонда 40 та заводга эга. Уфада инвестиция лойиҳаси учун ер ажратиб берилди. Ҳозирда 9 гектар хусусий ер майдонига эга, – дейди А.Пензин.  – Энди майдонни кенгайтириш ҳаракатидамиз. Бу ерда ёғоч ва металлга ишлов бериш орқали турли кўринишдаги мебель ва девор учун қопламалар, плиткалар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, корхона автомобиль ва темир йўлларга эга. Корхона муассиси Бошқирдистон ҳукумати ҳисобланади.

Шу куни Уфа шаҳридаги Инвесторлар уйида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Бошқирдистон ҳукумати бош вазири ва ҳукумат аппарати бошқаруви раҳбари ўринбосари Ильшат Тажитдинов билан расмий учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳар икки томондан ҳукумат вакиллари ва тегишли компаниялар директорлари иштирок этдилар.

И.Тажитдинов меҳмонларни қутлаб, Бошқирдистоннинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти билан таништирди. Учрашувда келгуси ҳамкорликлар юзасидан музокаралар олиб борилди. Жумладан, металл ва ёғочга ишлов бериш, машинасозлик, агросаноат, нефтехимия, қишлоқ хўжалиги, асаларичилик соҳаларида ҳамкорлик, шунингдек, маданият, фан-техника йўналишларида дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари бўйича таклифлар билдирилди.

– 2018 йилдан Фарғона вилояти билан ҳамкорлигимиз бошланди. Бизнинг республикамиз логистик марказ сифатида жуда қулай. Фарғонадан келтириладиган товарлар, масалан, қуритилган мевалар, аввало Уфага келиб тушади ва бу ердан бутун мамлакатга тарқалади. Аллақачон товар айирбошлаш йўлга қўйилган, лекин уни янада юксак даражага чиқариш керак деб ҳисоблайман. Ундан ташқари, биргаликда асаларичилик саноатини йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз. Асалариларимизнинг иссиқ жойларда қишлаши масаласини кўриб чиқяпмиз, буни 2019-2020 йилларга мўлжаллаяпмиз. 100 миллион АҚШ доллари ҳажмида товар экспортини бажаришни режа қилганмиз, бунда фарғоналик дўстларимизнинг ҳиссаси катта бўлади, — деди Бошқирдистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ильшат Фазрахманов.

Куннинг иккинчи ярмида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Уфа шаҳридаги Бошқирдистон Республикаси Савдо-саноат палатаси биносида тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Учрашувни Савдо саноат палатаси директори Азат Фазлыев олиб борди.  Тадбирда Бошқирдистон ва Фарғона тадбиркорлари сўзга чиқиб, ўз соҳалари бўйича тақдимотлар ўтказдилар. Расмий учрашув сўнгида Бошқирдистон савдо-саноат палатаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди. Шундан сўнг тадбиркорлар шўъбаларга бўлиниб ўзаро ҳамкорлик фаолияти юзасидан музокаралар олиб бордилар.

Шу куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Уфа шаҳридаги Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси “Асаларичилик ва апитерапия бўйича илмий-тадқиқот маркази” давлат муассасасида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди. Асал ва асаларичилик маҳсулотлари ассортиментини кўздан кечирди. Келгусида соҳани ривожлантириш ва илмий ҳамкорлик бўйича ишлар режалаштирилди. Жумладан, илмий-тадқиқот маркази томонидан Бошқирдистон ариларини Фарғонада кўпайтириш таклифи ҳам берилди. Фарғона давлат университетида ташкил этилажак асаларичилик маркази билан ҳамкорлик режалари тузилди.

Фарғона вилояти делегациясининг Россия Федерациясига сафари Оренбург шаҳрида давом этди. 6-декабрь куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги Фарғона делегациясини Оренбург вилояти губернатори Ю.А.Берг тантанали равишда кутиб олди. Оренбург администрациясида ишбилармонлар нонуштаси чоғида вилоятимиз ҳокими билан суҳбат ўтказилди.

Тушдан сўнг делегация «Армада» савдо-кўнгилочар марказида «Оренбург — Евросиё қалби» номли 8-халқаро бизнесмен ва тадбиркорлар Форумида иштирок этди. Оренбург ҳақиқатдан ҳам Евроосиё материгининг марказида жойлашган бўлиб, Европа ва Осиёни ажратиб туради.

Ушбу Форумда Белорусь, Тожикистон, Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон каби давлатларидан 3500 дан ортиқ вакиллар, йирик корпорациялар ва ишлаб чиқариш бирлашмалари қатнашди. Тадбир сўнгида «Халқаро туризм фестивали» номли видео, фото ва анимациялар конкурси ғолиблари тақдирланди.

Эртаси куни Оренбург вилояти ҳамда Фарғона вилояти вакиллари – ҳоким ўринбосари М.Абдураҳмонов, Ҳукумат раиси (губернатор) ўринбосари Д.Калугин бошчилигида расмий учрашув ўтказдилар. Унда ҳар икки томоннинг иқтисодий, инвестицион салоҳияти намойиш қилинар экан, ҳамкорлигимиз борасидаги долзарб масалалар ва таклифлар кўриб чиқилди.

Жумладан, Ўзбекистон билан товар айирбошлаш, Ўзбекистондан қуруқ мевалар экспорт қилиш, таълим соҳасида ҳамкорлик таклифлари билдирилди. Шунингдек, Оренбург журналистлари билан фарғоналик журналистлар, ОАВ ўртасида ижодий ҳамкорлик масалалари ўртага ташланди.  Шунингдек, Оренбургга Фарғонадан самолёт қатновини йўлга қўйиш, Оренбургдан тўғридан-тўғри ун ва буғдой импорт қилиш, ҳар икки вилоятнинг туристик зоналарида дам олишни ташкил қилиш таклифлари ҳам билдирилди.

Шу куни делегация аъзолари вилоятнинг бир қатор объектларида бўлдилар. Жумладан, «Локомотив» савдо комплексида ҳам бўлиб, миллий маҳсулотлар савдоси билан танишдилар ҳамда савдо-сотиқ, товар айланиши масалаларини муҳокама қилдилар. Оренбург жун маҳсулотлари фабрикасида ўтган вақт ҳам таассуротларга бой бўлди.

Кейинги объект кўп тармоқли хизмат кўрсатиш маркази бўлиб, ушбу марказ аҳолига 262 турдаги давлат хизматлари кўрсатади. Марказ директори Александр Денисов делегация аъзоларини марказ фаолияти билан таништирди.

Сафар давомида тадбиркорлар томонидан ўзаро ҳамкорлик борасида йирик келишувларга ҳам эришилди. Жумладан, Россия фирмаси «Калипсо» ООО «Долина агрокластер» ООО билан тузилган шартномага кўра 4 гектар ер майдонидаги гидропоника усулидаги иссиқхона учун, 1000 тоннали совутгич, мевани қайта ишлаш учун лойиҳа қиймати 3 миллион 840 минг АҚШ долларига тенг лойиҳага хорижий сармоя ҳисобидан 3 миллион 600 минг АҚШ доллари ҳажмида инвестиция киритадиган бўлди. Бундан ташқари қўшимча лойиҳалар бўйича ишлашга ҳам келишилди.

Вилоят ҳокимлиги  томонидан “Меҳригиё” фирмасига ажратилган 20 гектар ер майдонида  келгуси йилнинг январь ойидан бошлаб лавандазор (50 мингта кўчат), зайтунзор (30 мингта кўчат), чойзор (30 мингта кўчат), кивизор (30 мингта кўчат)лар яратиш  учун ва “Medicalhotel” қурилиши учун россиялик ҳамкорлардан “DreamTherraRus” компанияси билан 500 минг АҚШ доллар ҳажмида лойиҳа имзоланди. Лойиҳа қийматининг 200 минг доллари “Меҳригиё” томонидан амалга оширилади. Шунингдек, “Меҳригиё” фирмаси Оренбург вилояти кўз касалликлари микрохирургик марказига ўз маҳсулотларини тақдим этди, келгусида уларни экспорт қилишга келишиб олинди.

Уфа шаҳридаги ГУП БХП “Агидель” РБ, НХП Легпром РБ билан “Нурафшон-Зиё Textile” ўртасида импорт-экспорт бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари яна қатор ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилдики, Фарғона вилояти делегациясининг Россия Федерациясига сафари ҳар икки томон учун самарали ишларга йўл очади ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

   Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА.