Меҳнат муносабатларида янги тизим

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги “Ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш, шу жумладан, уй хўжаликларини меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини шакллантириш методикасини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори фаолиятимизга янги тартиб ва мазмун киритди.
Қарорга асосан аҳоли бандлигини ўрганишда электрон база янги кўринишдаги электрон хисоблаш усулига ўтади. Натижада меҳнат ресурслари меъёрини автоматик тарзда ҳисоблаш имконияти яратилади. Уйма-уй юриб сўров ўтказиш тартиби жорий қилиниб, ҳисоблаш механизми халқаро стандартларга мослаштирилди. Маълумотларни олиш ва уларни ташкилотлар томонидан аниқ саналарда топширилиши бўйича “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш учун маълумотларни шакллантириш схемаси”га кўра асосий ёш тоифалари бўйича доимий аҳоли сони, юридик шахслардаги ёлланма ишчиларнинг йиллик ўртача сони давлат статистика қўмитаси томонидан 1 июлга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этиши зарурлиги белгилаб қўйилди. Шунингдек, мазкур услуб халқаро стандартларга мувофиқ шаклланадиган статистик амалиёт ҳисобланиб, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш меъёрини шакллантириш ва ҳисоблаб чиқиш ҳамда ҳар бир навбатдаги календарь йилга банд аҳоли сонини баҳолаш учун қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш меъёрини ишлаб чиқиш ҳамда ишга жойлаштиришга муҳтож, меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисоблаш амалиётида ўтказиладиган мониторинг сифати, маълумотлар шаффофлигини таъминлайди. Маҳаллалардаги ишсиз аҳолининг аниқ кўрсаткичларига эга бўлиб, ишсизлик сабабли юзага келаётган турли кўнгилсиз ҳолатлар, жиноятчиликлар олди олинишига кўмак беради.
2017 йилдаги фаолиятимиз давомида аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига кўра барча масъул бошқармалар томонидан ҳамкорликда 31084 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Шаҳар ва туман ҳокимликлари қошидаги ишчи комиссиялари томонидан тақдим этилган ҳисоботларга кўра иш ўринларининг 69,2 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келади. Республика ва ҳудудий инвестиция, маҳаллийлаштириш ва тармоқларни ривожлантириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ижтимоий инфратузилма соҳаларида уй-жой қурилиши ва таъмирлаш асосида, йўл-транспорт ва коммуникация, аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштириш бўйича бандлик даражаси оширилган. Якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш орқали амалга ошириладиган лойиҳалар натижасида 10988 та, тасдиқланган мақсадли дастурларга мувофиқ 18033 та шундан саноат йўналишида 12719 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 5314 та, айрим корхоналар фаолиятини тиклаш, бўш турган давлат объектларини ижарага бериш ёки хусусийлаштириш орқали 2063 та иш ўринлари яратилган. Бу жиҳатлар нафақат аҳолининг мунтазам меҳнат фаолияти билан шуғулланиши, балки оила аъзоларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшларни ҳунар ўрганишга жалб қилиш орқали маҳаллаларда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Прокуратура органлари ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 127 маротаба «Бўш иш ўринлари ярмаркалари» ташкил этилиб, 2134 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилди. Айниқса, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 1300 нафардан зиёд фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга аҳамият қаратилди. Фуқароларнинг аксарияти касбга қайта ўқитилиб, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига бириктирилди. Ёшга доир нафақалар тайинланди. Уларнинг орасида 1 нафарининг тегишли таълим муассасасига ўқишга тикланганлиги ҳаётдаги ўз мақсадини яна бир бор англаб етишига туртки бўлиши шубҳасиз.
Вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар 2324 та корхона ва ташкилотлардаги 5389 та квота иш ўринларига жойлаштирилди.