Тадбиркорларга эътибор ва рағбат

Шу йилнинг 20 декабрь куни вилоят Тадбиркорлар марказида вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот ўтказди.

Самимий суҳбатда Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси мазмун-моҳияти тадбиркорларга батафсил тушунтирилиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган бундай эзгу ташаббуслар юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида тадбиркорлик фаолияти ривожи учун кенг қамровли имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётгани қувонарлидир, – деди вилоят раҳбари. – Ишонамизки, фарғоналик тадбиркорлар бундай қулайликлардан самарали фойдаланиб, жаҳон бозорида ўз ўрниларига эга бўлишади ҳамда дунёга машҳур брендлар яратилади. Бунинг учун истиқболли бизнес-лойиҳаларига эга ташаббускор тадбиркорларга барча шарт-шароитларни яратиб берамиз.

Учрашувда вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига асосан вилоятимизда ҳам юридик ва жисмоний шахслар учун бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани қайд этилди. Хусусан, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар бекор қилиниши натижасида вилоятимиз тадбиркорлари ихтиёрида йилига 115,7 млрд. сўм фойда сифатида қолади. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши натижасида юридик шахсларнинг соф фойдаси 4,0 млрд. сўмга ошади. Шунингдек, 8 фоизли суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида вилоят аҳолиси ихтиёрида 371,6 мрлд. сўм маблағ қолиши ҳамда дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизга пасайтирилиши натижасида тадбиркорларнинг реал даромадлари вилоят бўйича йилига 7,7 млрд. сўмга ошиши кутилмоқда.

Йиғилишда вилоят ҳокими ва тадбиркорлар иштирокида тадбиркорлик ташаббуслари, кредит, кўчмас мулк ва ер сотиб олиш, инвестиция жалб этиш ва экспортни йўлга қўйиш сингари масалаларда савол-жавоблар бўлиб ўтди.