Иродасизлик жазоси

Инсон умри давомида адашиши, йиқилиши мумкин. Аммо иродаси мустаҳкам бўлса, у  ўз хатоларидан хулоса чиқариб, тўғриликдан нажот топади.

Муқаддам икки маротаба ўғирлик қилиб судланган, жазони  2018 йил май ойида ўтаб, озодликка чиққан Наримон Хайдаровнинг (исм-фамилияси ўзгартирилган) эса эски одатидан воз кечишга иродаси етмади.

Шу йилнинг 22 июлига ўтар кечаси соат 0400 ларда Фарғона тумани “Чимён” санаторияси сихатгоҳи биринчи қаватида жойлашган дам олиш хоналари дераза ойналарининг очиқ қолдирилганлиги унинг эътиборини тортди. Хона ичкарисидаги дам олувчиларнинг ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, сиҳатгохнинг 3-бўлим 123-хонасига кириб, нархи 1.100.000 сўмлик “Galaxi S-3”  ва 1.600.000 сўмлик “Galaxi S-7” русумли уяли телефонлар ва 200.000 сўм пулларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Бу билан чекланмай, 24 июль куни тунги соат 2130 ларда Фарғона тумани  Чимён қишлоғида жойлашган “темир йўлчилар” сиҳатгохи 2-бўлим 3-хонасига балкон орқали  кириб олган. Дам олувчиларнинг 700 ҳамда 800 минг сўмлик уяли телефонларини қўлга киритиб, қочиб қолади.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан  Н.Хайдаровга нисбатан Ўзбекистон  Республикаси  Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а“ банди билан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши судга юборилди. Суд жиноятчига тегишли  жазо тайинлади.

Ҳалокат сабабчиси ким?

Фарғона тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими ходимлари томонидан олиб борилаётган ишларни таҳлил қилар эканмиз, фуқароларнинг айрим ҳолатларда бефарқлик туфайли катта жабр кўраётганидан афсусландик.

Масалан, туманда яшовчи фуқаро Х.С яқинда транспорт воситасини бошқариш учун тегишли ҳужжатлари бўлмасдан автоулов бошқарган. Бунинг устига ҳайдовчининг кўриш қобилияти пастлиги, отасидан берухсат ҳолда машина бошқаргани охир-оқибатда бахтсизликка сабаб бўлган. У “ВАЗ-21” русумли 40N403ЛА давлат рақамли автомашинани бошқариб бораётиб, велосипедда ҳаракатланаётган А.Ани уриб юборган. Фуқарога кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан, у шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, йўлларда ҳаракатланиш қоидаларининг тегишли бандларини қўпол равишда бузган Х.Сга нисбатан қонун доирасида жазо тайинланди.

Ҳеч бир фуқаро салбий хатти-ҳаракати билан атрофдагилар умрига зомин бўлишга ҳаққи йўқ. Қонундан ташқарида ташланган қадам эса жавобсиз қолмайди.

Одилжон УСМОНОВ,

Фарғона туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими

терговчиси, капитан.