Инновацион ғоялар ва илм-фан ютуқлари

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қува туманидаги “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти билан танишганди.

Муҳтарам Президентимиз 289 гектар ердаги 15 навга яқин 272 минг тупдан зиёд анор кўчатларини кўриб: «Тепа Худодан, паст бандадан. Ерга меҳр бериб ишласа, ақл билан экиб, парваришласа, албатта ўз натижасини беради. Ҳамма соҳада маҳсулотни қаерга сотишни, меҳнат ва харажатга нисбатан кўпроқ даромад олишни ўйлаш зарур. Бунинг учун аввало илм керак. Бозор талабини ўрганадиган, замонавий билимларни татбиқ этадиган, маҳсулотнинг ҳосилдорлиги ва сифатини таъминлайдиган ким — кадрлар. Шунинг учун анорчилик бўйича ҳам мутахассислар тайёрлашга эътибор бериш керак,  деган эди.

Тарихий ташриф чоғида анорчилик бўйича илмий марказ, Фарғона давлат университетида кафедра ташкил этиш, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ген технологиясини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон анори бўйича бренд яратиш, Фарғона вилоятида яқин йилларда анорзорларни 20 минг гектарга етказиш, кўчатчиликни кенгайтириш, данаксиз анор навларини ўзлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

 Фарғонада анорчилик ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги “Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани
ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 791-сонли қарори юзасидан 9 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокимининг  506-сонли қарори қабул қилинди.

Бу қарор ижросини таъминлаш мақсадида яқин йилларда вилоятимизда 20 минг гектар майдонда анорзорлар ташкил этилиб, 30000 та янги иш ўринлари яратилади. Анорзорлар 2023 йилдан ҳосилга кира бошлайди.

Шу жумладан, 2018-2020 йилларда Қувасой шаҳрида 1800 гектар, Фарғона туманида 1700 гектар, Қўштепа туманида 1600 гектар, Бувайда, Қува, Риштон туманларида 1500 гектардан, Бешариқ, Ёзёвон, Ўзбекистон, Учкўприк туманларида 1300 гектардан, Бағдод туманида 1200 гектар, Олтиариқ туманида 1100 гектар, Данғара туманида 1000 гектар, Тошлоқ туманида 800 гектар, Фурқат туманида 700 гектар майдонда анорзорлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Анор қанча ҳосил беради?

1990 йилларгача олинган маълумотларга қараганда бир туп анор 20-25 килограмм, мустақиллик йилларидаги томорқалардан олинган маълумотларда 50 килограмм, айрим тажрибакорларнинг маълумотларига қараганда эса 100 килограммдан орттиқ ҳосил беради.

Ўзбекистон тажрибасида анор 4х2, 4х3, 3х3 схемаларда экилади. Қува миришкорларининг кўп йиллик тажрибаларига асосан вилоятимизда 3,80х2,80 схемада экиш тавсия этилди. Бунда бир гектар ер майдонига ўртача 940 туп анор кўчати экилади.

Анор кўчатлари экилганидан кейин айрим навлар иккинчи йили, айримлари учинчи йилидан ҳосилга киради.

Учинчи-тўртинчи йиллари 2-3 килограммдан орттириб ҳосил берганида ўртача гектаридан 2-3 тонна, кейинчалик яхши ҳосилга кираётганда 10 тонна, тўлиқ ҳосилга кирганида эса 20-25 тонна ҳосил беради.

Шу асосда 20000 гектар ер майдонидаги ҳосилдорликни чамаланг. Ўртача гектаридан 20 тоннадан ҳосил олинганида ҳам ялпи ҳосил 400000 тоннани ташкил этади.

Жаҳон бозорида 1 килограмм анор 1,6-2,0 доллардан 3 долларгача сотилади. Агар ҳосилнинг 300000 тоннаси экспортга чиқарилганида 600000000 доллар ёки 5.100.000.000.000 сўм даромад келтиради. Бир гектар ердан 20 тонна ҳосил олинганида 2 доллардан 40000 доллар ёки 340.000.000 сўм даромад бўлади.

Хўш, халқ фаровонлиги йўлидаги бундай ҳаётбахш лойиҳаларни амалга ошириш йўлида вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Фарғона давлат университетида анорчилик бўйича мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилди

Университетнинг зоотехния факультетида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, иккита гуруҳда 28 нафар талабалар тўлов шартномаси асосида ўқимоқда.

Фарғонада «Анор етиштирувчилар» уюшмаси ташкил этилди

Фарғона вилояти ҳокимининг мазкур қарори билан вилоятда «Анор етиштирувчилар» уюшмаси ташкил этилди. Уюшма ўз фаолияти давомида:

анор етиштириш жараёнларига хорижий инвестициялар, чет эллик мутахассислар ҳамда маслаҳатчиларни фаол жалб қилиш;

сифатли ва экспортбоп анор кўчатларини кўпайтириб, фермер ва деҳқон хўжаликларига тизимли етказиб бериш;

анорзорларда касаллик ва зараркунандаларга қарши биологик ҳамда кимёвий воситалар асосида курашиш фаолиятини ташкил этиш каби қатор вазифаларни бажаради.

Қувада анорчилик мактаби очилди

«Анор етиштирувчилар» уюшмаси қошида «Анорчилик мактаби» ташкил этилиб, анорзорларда мавсум давомида агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш бўйича фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари учун ўқишлар ташкил этила бошланди.

Фарғонада «Анорчилик илмий-инновацион маркази» ташкил этилмоқда

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

инновацион технологияларни жорий этган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун махсус кўчатчилик лабораториясини ташкил этиш;

анорнинг маҳаллий серҳосил, вирусдан ҳоли бўлган соғлом, касалликка, қурғоқчиликка, совуққа чидамли, жаҳон андозаларига мос ва уруғсиз анор кўчатларининг янги навларини яратиш;

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, юқори ҳосил берадиган экспортбоп янги навларни районлаштириш;

анорзорларни қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, кўчатларни экиш схемаси, парваришлаш, суғориш, озиқлантириш ва мавсум давомида агротехник тадбирларни ўтказиш, юқори ҳосил олиш масалалари бўйича илмий асосланган амалий тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;

анор кўчатлари экиш, парваришлаш, етиштириш, ҳосилни йиғиштириб олиш ҳамда уларни қайта ишлаш, сақлаш, саралаш ва экспорт қилиш масалалари бўйича ҳар йили мавсумда жойларда кўргазмали ўқув семинарлар ўтказиш;

қўчатларни экиш ва агротехник тадбирларни ўтказиш бўйича кўчат етиштирувчи фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

анорзорлар қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, парваришлаш, йилига камида 2 маротаба ҳосил олиш масалалари бўйича илмий асосланган амалий қўлланма ишлаб чиқиш;

анорни экиш, парваришлаш, етиштириш, ҳосилни йиғиштириб олиш ҳамда қайта ишлаш, сақлаш, саралаш ва экспорт қилиш масалалари бўйича фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида жойларда кўргазмали ўқув-семинарлар ўтказишни ташкил этиш каби қатор вазифалар топширилган.

Анор экспортининг истиқболли йўналишлари белгиланмоқда

Қарор ижросини амалга ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг вилоятдаги вакиллиги ва уюшма билан ҳамкорликда:

анор маҳсулотлари экспортининг янги истиқболли йўналишларини белгилаш, ички ва ташқи бозор талабларини ўрганиш;

ташқи бозор талабларидан келиб чиқиб, анорнинг экспортбоп ва қайта ишлашга мос навларини етиштиришга буюртмалар бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш;

анор маҳсулотларини илғор технологиялар асосида йил давомида сақлаш учун махсус омборхоналар ташкил этиш, анор меваларини қайта ишлаш каби барча ишлар белгилаб олинди ва амалга оширилмоқда.

Қувада анорни қайта ишловчи завод ишга туширилади

Ҳозирда бир қатор хорижлик инвесторлар билан Қувада анорни қайта ишловчи қўшма корхона қурилиши бўйича музокаралар олиб брилмоқда. 2020-21 йилларда “Миллий анорчилик бренди”ни яратиш, қайта ишлаш, жумладан, мева шарбати, вино, атир, шампунь ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган заводни қурилиши амалга оширилади.

Хулоса ўрнида айтганда, Фарғона вилояти тарихида унутилмас воқеа бўлиб қоладиган мазкур ташаббус, вилоятда анор етиштирувчи хўжаликларни ташкил этиш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи хусусий сектор вакилларига кўмаклашиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий ишлар олиб бориш, инновацион ғоялар ва тежамкор технологиялар асосида анор кўчатлари ҳамда маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлашни комплекс ривожлантириш кўзда тутилмоқда. Ўз навбатида соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш, айниқса, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш тизимини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгиланган.