Ғолиблар муносиб тақдирланди

Жорий йилнинг октябр ойида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган 3-Параосиё ўйинларида 7 нафар, Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтган 3-Ёшлар Олимпия ўйинларида 4 нафар фарғоналик спортчи Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиларидан Розия Эргашева Параосиё ўйинларида найза улоқтириш баҳсларида 34,10 метр натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди.

Камолахон Абдуллаева узунликка сакраш баҳсларида 4 метру 71 см натижа кўрсатди ва олтин медаль соҳибаси бўлди.

Моҳигул Ҳамдамова ҳам найза улоқтириш баҳсларида кумуш медаль билан Ватанимизга қайтди.

Вилоят сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиси Исломбек Абдусаломов 3-Ёшлар Олимпия ўйинлари дастуридаги байдарка ва каноэда эшкак эшиш мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади.

Янги йил байрами арафасида Фарғона шаҳрида ана шу ғолиб спортчи ёшларни тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ёш спортчиларнинг жаҳон ареналаридаги ютуқлари ҳар бир фарғоналикка ғурур ва қувонч бағишлашини таъкидлаб ўтди. Матонатли қизларнинг юқори натижаларни қайд этганликлари алоҳида эътироф этилди. Фахримизга айланган бу йигит-қизларнинг келгуси нуфузли мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишларига ишонч билдирилди.

Тўрт нафар ғолиб спортчилар, уларнинг мураббийларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Енгил атлетиканинг найза улоқтириш тури билан шуғулланганимга бир йил бўлди, – дейди олтин медаль соҳибаси Моҳигул Ҳамдамова. – Аввалига саломатлигимни  тиклаш учун югуриш билан мунтазам шуғулланиб, спортнинг бу турига ҳам жуда қизиқиб қолдим. Эътибор ва ғамхўрликни ҳамиша юракдан сезиб турамиз. Президентимизга, вилоят ҳокимига ўз ташаккуримни билдираман. Келгуси нуфузли мусобақаларда ҳам қўлимдан келганча юқори натижаларни қайд этишга ваъда бераман.

6-набирам Исломбек 5-6 йилдан буён спорт билан шуғулланади, –дейди Исломбек Абдусаломовнинг бобоси Абдусалом Тусматов. –  3-Ёшлар Олимпия ўйинларида шоҳсупага кўтарилганда чексиз қувондим. Вилоят ҳокимлиги томонидан кўрсатилган эътибордан эса кўнглим яйради.