Ҳамкорлик тараққиётга хизмат қилади

Бугунги кунда Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Икки давлат ўртасидаги  иқтисодий, савдо ва маданий шерикчилик муносабатлари тобора яхшиланиб бормоқда. Фарғонага Корея ишбилармонлари вакиллари ташриф буюрди.

Жанубий Корея Республикасидан вилоятимизга келган катта делегация аъзолари Фарғона халқаро аэропортида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида карнай-сурнай садолари остида, миллий удумларимизга кўра нон-туз билан кутиб олиндилар.

Эркин иқтисодий зоналарини тузиш ва ривожлантиришнинг дунё тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Корея Республикаси эркин иқтисодий зоналарини ташкил этишнинг турли босқичларини бошдан кечирган ва кейинчалик бу йўналишда катта муваффақиятга эришган. Эркин иқтисодий зона хориж ишбилармонлари учун ҳам кенг имкониятлар майдонидир.

“Қўқон”  эркин иқтисодий зонасида бўлган меҳмонларга ўтган йилнинг апрелидан фаолият бошлангани, 3 ҳудуддан иборат ер майдонлари, бош режа, бу ердаги халқаро логистика ҳақида маълумотлар берилди.

Эркин иқтисодий зонага яқин 6 та туман, 1 та шаҳардан 10 километр радиусда 35 мингдан зиёд ишчи кучи борлиги, Фарғона Политехника институти билан ҳамкорлик ва 2 та коллежда иқтисодий зона учун махсус мутахассислар тайёрланаётганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, кореялик ишбилармонлар доираси вақиллари “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига қизиқиш билдираётган бошқа хорижий корхоналар, Буюк Британия, Ҳиндистон, Хитой, Россия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тўғрисида ҳам ахборот олдилар.

–Маъмурий Кенгаш томонидан 43 та лойиҳага ижобий хулосалар берилди, – дейди “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш шўъба бошлиғи Соҳибжон Маматов. – Инвестиция лойиҳаларимиздан 11 таси чет эл иштирокидаги корхоналардир. “Evergreen Motors Group” компанияси каби йирик кореялик ишбилармонлар томонидан “Қўқон” эркин иқтисодий зонагасига қизиқувчилар кўп бўлмоқда. Музокаралар олиб борилиб, кореялик ва фарғоналик тадбиркорлар ўратсида турли лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланади.

Меҳмонлар Қўқон шаҳрида 2011 йилнинг августидан фаолият олиб бораётган, йилига 37 минг тонна пахтани қайта ишлайдиган “Индорама Коканд тестил” қўшма корхонасида ҳам бўлдилар. Бу ерда қўшма корхона фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. 200 нафар ишчи билан иш бошлаган мазкур корхонада бугун 1200 та ишчи ўрни яратилган. Маҳсулотнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилган.

Кореяликлар корхонанинг экспорт географияси, иш жараёни, ходимларга яратилган шароитлар билан танишдилар.

 Биз асосан пахтадан матрас кўрпачалар ишлаб чиқарамиз, – дейди “YULDUZ INTERNATIONAL CO.LTD” компанияси  директори, кореялик ишбилармон Ли Бёнг Рёнг. – Фарғонада жинс шим, трикотаж кийим-бошлар ишлаб чиқармоқчимиз. Бошланишига 150-200 тагача иш ўрни яратмоқчимиз. Жорий йилнинг иккинчи ярмида корхона фаолият бошлайди, ҳозир қурилиш ишлари давом этмоқда.

Қўқон шаҳридаги “Ўзбегим” мажмуасида нуфузли меҳмонларга байрам дастурхони ёзилди. Элимиз ардоғидаги санъаткорлар томонидан турли тилларда қўшиқлар айтилди, корейс ва ўзбек рақслари ижро этилди.

***

Ташрифнинг иккинчи куни вилоят Тадбиркорлар марказида  Фарғона вилояти тадбиркорлари ва жанубий Корея Республикаси бизнесменлари иштирокидаги Ўзбек-Корея бизнес форуми бўлиб ўтди.

Бизнес форум олдидан меҳмонлар миллий ҳунармандчилик намуналари билан танишдилар. Айниқса, уларга риштонлик кулол Ғанижон Элибоевнинг кўз ўнгиларида ясаётган сопол маҳсулотлари маъқул келди.

Дўстлик форумида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев қатнашчиларни қутлаб, Фарғонада Корея давлати инвестициялари асосида ташкил қилинган 18 тадан ортиқ қўшма корхоналар борлиги, хорижлик ҳамкорларга катта имкониятлар ва преференциялар яратиб берилганлигини айтиб ўтди.

Бу эса ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, – деди вилоят раҳбари. –Фарғона вилояти билан Корея Республикасидаги тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик  натижасида 2017 йилда  ташқи савдо айланмаси 79 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Дўстлигимиз рамзи сифатида Қўқонда корейс боғи ташкил этилмоқда. 500 нафардан ориқ фарғоналик тадбиркорлар иштирок этаётган мазкур бизнес форумда имзоланадиган шартномалар, янада мустаҳкам бўлган бу ҳамкорлик ҳар икки давлат учун манфаатли бўлади деган умиддамиз.

Делегация вакили, Корея Республикаси меҳнат вазирлигидан Ким Ён Сай сўз олиб, илиқ меҳмондўстлик ва ҳамкорлик учун вилоят ҳокимига алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Форумда кореялик ишбилармонларга Фарғонанинг инвестицион муҳити, имконият ва шароитлар ҳақида слайдлар намойиш қилинди.

Ўз навбатида хориж компаниялари, корхоналари вакиллари ўз маҳсулотлари, ишлаб чиқариш салоҳияти тўғрисида тақдимотлар ўтказдилар.

Шундан сўнг вилоят ҳокимлигида корейс бизнесменларини Шуҳрат Ғаниев қабул қилди. Ишбилармонлар Фарғонада амалга оширмоқчи бўлган лойиҳалари ҳақида вилоят раҳбарига ахборот бердилар.

Фарғонада корейс тили ва турли ҳунарлар ўргатиладиган мактаб очиш, тиббиётдаги ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш, вилоят марказида ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга оид таклифлар маъқулланди ва меморандумлар имзоланди.

Ташриф дастури доирасида меҳмонлар Фарғона шаҳридаги “UzSungwoo” корхонаси билан ҳам танишдилар.

Ташқи бозорда талаб катта бўлган, импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий, маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш эркин иқтисодий зоналарнинг асосий вазифаси, йўналишларидан бири экан, Корея ва Фарғонанинг ҳамкорлиги фақат тараққиётга хизмат қилади.