Тез тиббий ёрдамда янгича хизматлар

Ўтган икки йил давомида Президентимиз томонидан аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати сифат ва савиясини ҳамда моддий техника базасини кучайтиришга доир битта Фармон ва учта қарор қабул қилинди.

Мазкур Фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш борасида вилоятимизнинг тез тиббий ёрдам тизимида муайян ишлар амалга оширилди.

Вилоятимизда 19 та тез тиббий ёрдам маркази, 17 та таянч пунктлари,  264 та тез тиббий ёрдам бригадалари мавжуд бўлиб, уларни зарур жиҳозлар, техник ускуналар билан таъминлашга эришилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тез тиббий ёрдам хизматини жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун ҳар бир йўналиш назардан четда қолмаган. Айниқса қарорнинг иккинчи ва учинчи бандида белгиланган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши ва жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари кўрсатиб ўтилганлиги шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир кишига юқори сифатли тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатиш учун имкон яратади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан тез тиббий ёрдам хизматининг  махсус автотранспортини  харид қилиш, тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида амалиёт ўташини ташкил этилиши ушбу соҳа ривожидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

Қарорнинг олтинчи бандида кўрсатилган  тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторларини тасдиқланиши ва бу индикаторлар тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини моддий рағбатлантиришга асос бўлиб, аҳолига кўрсатаётган тиббий ёрдам савиясини янада ўсиши учун амалий дастур саналади.

Саккизинчи бандида Шошилинч тиббий ёрдам ўқув марказини Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази этиб қайта ташкил этилиши ва бу марказда тиббиёт ходимларидан ташқари контингентлар ҳам биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитилиши аҳоли тиббий савиясини юксалишини таъминлайди.

Ушбу ўқув машғулот марказига хорижий муттахассисларни  жалб қилиниши мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати энг ривожланган мамлакатларнинг тез тиббий ёрдам хизмати билан рақобатлаша оладиган даражага етишига шароит яратади.

Тез тиббий ёрдам борасида автоматлаштирилган тизимнинг  яратилиши-  аҳолининг чақирувларини қабул қилиш ва рўйхатга олиш, устунлик тартибида хизмат кўрсатиш лозим бўлган чақирувларни автоматик белгилаш,махсус автотранспорт ҳаракатини бошқариш, шу жумладан GPS-навигациядан фойдаланган ҳолда, кейинчалик босқичма-босқич рақамли радиоалоқага ўтиш орқали автотранспорт ҳаракатини мониторинг қилиш, тез тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахслар жойлашган жойни телефон (мобил) алоқаси орқали автоматик аниқлаш, тез тиббий ёрдам бригадаларини мобил иловалар ёрдамида, шу жумладан имкониятлари чекланган шахслар учун чақириш, фойдаланиладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ҳисобга олиш каби имкониятлар қарорнинг 16-бандида қайд этилган.

Бир сўз билан айтганда,  Президентимизнинг ушбу қарори ҳар бир банди тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўлмас САИДЖОНОВ,

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази

Фарғона филиали фавқулодда вазиятлар ва тез тиббий ёрдам бўйича директор ўринбосари.