Инсульт хуружи ва унинг олдини олиш

Инсульт – бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида мия тўқимасининг шикастланиши ҳисобланади. Ҳозирги даврда асаб касалликлари орасида мия қон айланишининг бузилиши яъни инсульт хасталиги биринчи ўринда туради.

Хўш, инсульт ривожланишининг хавфини оширувчи омиллар нималардан иборат?

Артериал гипертензия яъни қон босимининг кўтарилиши, насл сурувчи салбий ирсият,чекиш ёки алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш, қандли диабет, миокард инфарктга йўлиққанлар, бош мия қон айланишининг бузилиш белгилари, чунончи хотира пасайиши, уйқу бузилиши, бош оғриғи, бош айланиши, бошдаги шовқин, кўзнинг хиралашиши, тананинг ярмидаги увишишлар каби ҳолатлар бу касалликни юзага чиқаради.

Шу билан бирга тез-тез асабийлашиш, қоннинг ортиқча даражада қуюлиши ҳам хасталикни ривожлантиради.

Сезгининг тўсатдан бузилиши, тилдан қолиш ёки сўзларни айтиш ё тушунишда, матнни ўқишда қийналиш, бир ёки икки кўзнинг хиралашуви, бирданига ҳаракат мўлжалининг бузилиши, бош оғриғи, қусиш инсульт белгилари саналади.

Инсонда бундай ҳолат кузатилса зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатиш зарур.. Аввало беморни каравотга қулай ётқизиш керак ва нафас олишни қийинлаштирувчи кийим тугмаларини ечиб, ҳаво оқими билан таъминлашни яхшилаш зарур. Оғзидан, ясама тиш-протезлари бўлса, уларни ечиб олиб қўйиш, агар қусган бўлса, оғиз бўшлиғини тозалаш керак. Бўйни қайрилиб, умуртқа артерияларига қон келиши қийинлашмаслиги учун боши ва елкаларига ёстиқ қўйиш лозим. Касаллик хуружининг дастлабки дақиқа ва соатлари энг қимматли саналади, айнан шу вақтда кўрсатилган тиббий ёрдам энг самарали бўлиши мумкин. Бу пайтда энг муҳими иложи борича тезлик билан беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишидир. Беморни тезроқ шифохонага етказиш чорасини кўриш керак.

Бемор хуруждан сўнг тузалиб кетадими деган савол кўпчиликни ўйлантириши табиий. Муолажа узоқ вақт давом этади. Даволаш  фақат дори терапиясини эмас, балки, парҳез, бемор парвариши, гимнастик машқларни ҳам ўз ичига олади. Дорилар бош мияда қон айланишини ва миядаги моддалар алмашинув жараёнларини яхшилайди. Парҳез таомлар, мия фаолиятини яхшиловчи машқлар ёки реабилитациядан ҳам фойдаланилади. Беморлар бевосита инсультдан кам ҳалок бўладилар, аксинча, унинг асоратларидан кўпроқ вафот этадилар.

Инсульт хуружини бошидан кечирган киши касалликдан кейин узоқ муддат давомида, камида бир йил ичида ўзига келади. Бу аввало касаллик характерига, беморга қанчалик тез ва сифатли ёрдам берилганига боғлиқ бўлади. Хуруж оқибатлари жуда оғир бўлиши, бемор танасини кўп қисми шол бўлиб қолиши, тилдан қолиши мумкин. Бундай вазиятда касал киши ҳам руҳий, ҳам жисмоний азият чекади. Беморни оёққа туриб кетишида, яқин одамларининг парвариши  муҳим аҳамиятга эга. Агар бемор соғая бошласа, аста секинлик билан жисмоний ва ақлий имкониятлари ўзига қайтади. Касалликда буюриладиган дори воситаларини  шифокор тайинлайди.

Бугунги кунда марказимизда 2018 йилнинг шу кунига қадар турли хасталиклар билан даволанган 979 нафар беморлардан 405 нафари асаб тизими, 285 нафар бемор инсульт хасталиги билан даво муолажасини олган.

Марказимизда беморлар учун барча шарт-шароитлар етарли бўлиб, зарур муолажалар билан бир қаторда соғлом турмуш тарғиботи ишлари ҳам самарали йўлга қўйилган. Беморларга тиббий маслаҳатлар, йўл-йўриқлар, касалликни келтириб чиқарувчи омиллар, хасталик белгилари, профилактикасига доир тушунтириш ишларининг мунтазам равишда ташкил этилиши беморларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш борасидаги билимларини оширади.

Инсульт хасталиги бошқа касалликларга нисбатан оғир кечганлиги сабабли кўп холларда ногиронликка олиб келади. Шу сабабли бу касалликка чалинган беморлар доимий равишда реабилитация марказларида даволанишади.

Реабилитация – организмни йўқолган функцияларини тиклаш демакдир. Бу эса ўз навбатида ижтимоий ҳамда тиббий турларга бўлинади. Буларнинг таркибига эса медикаментоз яъни дори-дармон билан, массаж, фито ва физиотерапевтик муолажалари киради. Демак, реабилитация марказида I, II, ва III гуруҳ ногиронлари саломатликларини тиклайдилар.

Гулчеҳра ҚАЮМОВА,

вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш

марказининг олий тоифали неврологи.