Адолат ва ҳақиқат куйчиси

Қирғизистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов асарлари кириб бормаган хонадон, ўқимаган китобхон бўлмаса керак.

Унинг  “Юзма-юз”, “Алвидо, Гулсари”, “Сарвқомат дилбарим”, “Оқ кема” қиссалари, “Асрни қаритган кун”, “Қиёмат” романлари  бутун дунёга машҳур.

Таниқли француз адиби  Луи Арагон томонидан “Жаҳондаги энг гўзал севги қиссаси” деган юксак эътирофга сазовор бўлган “Жамила” ҳам  китобхонларга қадрдон.

Асарларда тасвирланган воқеалар, чизилган манзаралар ҳаётийлиги, яратилган персонажлар тақдири кутилмаган ечимларга бойлиги билан  ўқувчиларни ҳайратлантиради.  Академик  Акмал Саидовнинг  ЮНЕСКО маълумотларига асосланиб кўрсатишича, “ХХI  аср арафасида  Ч.Айтматовнинг  китоблари  168 мамлакатда  дунёнинг  180 тилида 77,0 млн. нусхада 860 марта босилган.”

Буюк адиб ва жамоат арбоби минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги,  халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мутаҳкамлашга бебаҳо хисса қўшган. Унинг давлатимиз томонидан “Дўстлик”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланганлиги бунинг ёрқин намунасидир. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил  2 апрелдаги  “Буюк адиб ва жамоат арбоби  Чингиз Айтматов таваллудининг  90 йиллигини кенг нишонлаш  тўғрисида”ги  қарори ҳам  халқимизнинг қардош ижодкорга   бўлган юксак ҳурмат ва муҳаббатини ифода этди.

Мазкур  қарор  ижроси юзасидан жойларда тадбирлар ўтказилиб, кенг омма, ёшлар ўртасида адиб ижоди тарғиб қилинмоқда.

Аҳмад ал-Фарғоний номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида  ўтказилган тадбирда  Йўлдош Солижоновнинг  “Чингиз Айтматов –  адолат ва ҳақиқат куйчиси” монографиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Монографияда “Сўқмоқлардан ёруғ йўлга”, “Илк қадамлар”,  “Қиссалардан ҳиссалар”, “Йирик эпик жанр машаққатлари”, “Муштараклик, ҳамоҳанглик ва ўзига хослик”  сарлавҳалари остида буюк ёзувчининг умр йўли, асарларининг бадиий аҳамияти, ижодий меҳнати билан  Марказий Осиё минтақасида  ўзига хос мактаб яратганлиги ҳақида қимматли ва қизиқарли маълумотлар берилади.  Ушбу монография  кенг ўқувчи оммасига  мўлжалланган бўлиб,  қўшимча дарслик сифатида фойдаланиш мумкин.

Тадбирда  иқтисод фанлари  номзоди, доцент Дилбаржон Қурбонов,  Фарғона давлат университети  ўқитувчилари – Исломбек Маннопов,  Рустам Умрзоқ  буюк адиб ва таниқли давлат арбобининг  сермазмун ҳаёт йўли, сермаҳсул  ижодий мероси ва унга бағишланган янги  монография ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Фарғона санъат коллежи ўқувчилари томонидан “Жамила” қиссасидан парча намойиш этилди.

Тадбир қатнашчилари ўртасида  адиб асарларига оид  викторина ўйини ўтказилиб,  саволларга тўғри жавоб берган ғолибларга  эсдалик совғалари топширилди.

Адабиётшунос олим Й.Солижоновга  буюк ёзувчи асарларини оммага кенг тарғиб қилишга, ўқувчиларнинг  билим савиясини юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун вилоят ҳокимлиги томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғаси топширилди.

Гулсанам БОБОЖОНОВА,

вилоят ахборот-кутубхона маркази

ёшлар билан ишлаш бўйича сектор мудири.