Жиноятчиликнинг олдини олиш – долзарб вазифа

Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида “Фарғона вилоятида жиноятчиликнинг олдини олишнинг долзарб масалалари ва келгусидаги вазифалар” мавзусида амалий анжуман бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Қосимов, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят бўлими, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Жиноят ишлари бўйича Вилоят суди, Шарқий Ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят Адлия бошқармаси ходимлари ҳамда шаҳар-туманларнинг тегишли ташкилот раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманни Ёшлар Иттифоқи вилоят бўлими раиси Аҳаджон Акбаров олиб борди. У ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги долзарб масалалар мавзусида сўзлади.

Кейинги сўз вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Ф.Қосимовга берилди. У жорий йилнинг 11 ойи мобайнида  вилоятдаги вазиятни чуқур таҳлил қилар экан, йўл қўйган камчиликларимиз нимадан иборат эканлиги, вазифаларимизга янада масъулият билан ёндашишимиз зарурлигини таъкидлади. 4877 та жиноятнинг 122 нафари ёшлар томонидан содир этилгани ўта ачинарли ҳолатдир, деди у. Маҳаллаларда “Жамоатчилик иззаси”дан фойдаланиш, жиноят қилган ёки ҳуқуқбузарликка йўл қўйган фуқарони кўпчилик олдида, маҳаллада муҳокама қилиш, унга тўғри йўл кўрсатиш, маънавий-руҳий таъсир ўтказиш, бошқаларнинг ҳам бу йўлларга кирмаслигини олдини олиш кераклиги айтилди.

Шундан кейин вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходими Азимжон Йўлдошев маъруза қилди. У шаҳар-туманлар кесимида аниқ мисоллар, фактлар орқали вазиятга баҳо берди. Масъул шахсларга қатъий топшириқлар юклади. Айниқса, маҳаллаларда кузатув камераларининг ўрнатилиши борасидаги ишлар суст кетаётганлигини танқид қилди. Жумладан, Фарғона туманида бу масалага бефарқлик  билан қаралаётгани, камчиликлар айтилди.

Маърузада таъкидланишича, вояга етмаганлар томонидан 11 ой давомида 106 та жиноят содир этилган бўлса, шунинг энг кўп қисми Фарғона ва Қўқон шаҳарларига тўғри келмоқда. Энг кўп жиноятлар 18.00дан 24.00гача, яъни тунги даврда содир этилган. Демак, тунги пайтни назоратга олиши керак бўлган масъуллар ишида камчилик бор, деди А.Йўлдошев.

Анжеманда вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, прокуратура ходимлари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.

Қуйи бўғинда, яъни маҳаллаларда, шаҳар-туманларда яхшироқ, худди шундай тартибда ишлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Булардан ташқари, анжуманда ижтимоий соҳа объектларининг қиш мавсумига жиддий тайёргарлиги ҳамда ҳарбий-маъмурий секторнинг 15 декабрдан 15 январгача мўлжалланган ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тайёрлаш бўйича чора-тадбирларининг бажарилиши масалалари ҳам кўрилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.