“Йил аёли” миллий танлови

Фарғона шаҳар 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ибратли аёллар фаолиятини кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш, уларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштириш, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлаётганларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш каби эзгу мақсадни назарда тутган мазкур танловда вилоятимизнинг 123 нафар фаол аёллари қатнашдилар.

Кўрик-танлов аввалида ташаббускор опа-сингилларимизнинг ижодий изланишлари, тадбиркорлик фаолияти акс эттирилган кўргазма намойиш қилинди.

Миллий танловда  “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”,  “Йилнинг энг фаол олима аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Йилнинг энг намунали шифокор аёли”, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг фаол соғлом турмуш тарзи ташкилотчиси”, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” номинацияси бўйича қатнашчиларнинг чиқишлари белгиланган мезонлар бўйича баҳолаб борилди.

–Кўрик-танловда “Йилнинг энг фаол олима аёли” номинацияси бўйича иштирок этиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритдим, –дейди Фарғона давлат университети доценти Ҳалимахон Ғаниева. – Танловнинг республика босқичида ҳам ўз иқтидоримни тўла намойиш этишга ҳаракат қиламан.