Сизга эъзоз, эҳтиром, мунис опа-сингиллар!

Кўклам дилбар хотин-қизларимизнинг айёми билан бошланади. Чунки аёлнинг ўзи баҳор, нафосат, эзгулик, латофат демак. Шундай шукуҳли кезларда нозик ҳилқат вакилалари ҳақида ҳар қанча илиқ ва яхши гапларни айтмоқ дилларга фақат сурур бағишлайди.

Бугун аёл ­она, ўқитувчи, шифокор, ишчи, тадбиркор, маҳалла фаоли. Оилада жонкуяр бўлиш билан бир қаторда, турли соҳаларда эркаклар билан елкама-елка туриб, ҳаётимизга нур, файзу барака киритмоқдалар.

Хотин-қизлар куни муносабати билан Қўқон шаҳридаги “Ўрда” мажумасида ўтказилган байрам тадбирида ҳар бир мунис-опа сингилларимиз юзида қувонч акс этиб, қалбида кўтаринкилик жўш урди.

Тантанали тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев барчани баҳор айёми, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан самимий қутлади. Фарғоналик аёлларнинг жамиятимизда тутган муносиб ўрнини алоҳида таъкидлаб, уларнинг оилаларига фаровонлик тилади.

Байрам тадбирида янграган ҳар бир қўшиқда мўътабар оналаримиз, лобар опа-сингилларимиз мадҳ этилиб, энг эзгу тилаклар билдирилди. Шўх наволар барчани рақсга чорлади.

***

Мана шундай тантана Фарғона шаҳридаги “Жасмин” мажмуасида ҳам бўлиб ўтди.

“Сизга эъзоз, сизга эҳтиром, мунис опа-сингиллар!” деб номланган байрам тадбирида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев давлатимиз раҳбари томонидан аёлларга юксак эътибор кўрсатилаётганлигини таъкидлади. Президентимизнинг жорий йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам ана шу эътиборнинг амалдаги намунаси эканлигини қайд этди. Фарғоналик аёллар жамиятимизнинг барча жабҳасида олдинга сафда туришларига ишонч билдирди.

Театрлаштирилган чиқишларда Зебунисо, Нодира, Увайсий тимсоллари намоён бўлди ва ғазаллар ўқилди.

Тадбирда вилоятимизнинг фаол аёллари ҳам сўз олиб, хотин-қизларнинг оила ва маҳалладаги нуфузи, жамиятда тутган ўрнини алоҳида эътироф этдилар.

Президентимиз томонидан 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши биз олима аёлларга янада масъулият юклади, –дейди Фарғона политехника институти профессори, техника фанлари доктори Анорахон Қосимохунова. – Фарғоналик хотин-қизлар ижодда, санъатда, илмда, меҳнатда изланишдан чарчамаяптилар. Бунинг натижаси эса республиканинг нуфузли танловларида ғолиб бўлаётганликларида акс этяпти. Бугунгидек тадбир уларга хушкайфият, ишонч ва куч-қувват беради.

– Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 1100 нафар мураббийнинг 300 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда,  – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Севара Деҳқонова. – Давлатимиз томонидан аёллар спортига бўлган алоҳида эътибор туфайли қизларимиз орасидан жаҳон, Осиё, мамлакат чемпионлари етишиб чиқаётганлиги, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари орасида фарғоналикларнинг борлиги барчани бирдек қувонтиради. Чекка жойлардаги иқтидорли ва умидли спортчиларга бугунгидек эътибор бор экан, демак, уларнинг сафи янада кенгаяверади.

–Баҳор аёллардан бошланади, –дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Муштарийбегим Қурбонова. –Шунингдек, атоқли шоира Зулфияхоним таваллуд куни ҳам кўкламни етаклаб келади. Барча Зулфияхоним издошлари номидан вилоятимиз аёллари, азиз онажонларимиз, малоҳатли ва меҳрибон опа-сингилларимизни янгиланиш фаслининг биринчи айёми билан табриклайман!

Эҳтиром тадбирида элимиз ардоғидаги хонандалардан Абдулҳай Каримов. Шерали Раҳмонов, Тоҳир Шокиров, Ҳумора Шайдо, Ҳилола Пўлатова, Расул Шамс ҳамда “Наво” эстрада гуруҳи, “Мукаррама” рақс ансамбли даврага хуш кайфият киритди.